"Yerevan Mayor Cup": ярим финалда икки нафар боксчимиз жанг ўтказади
Бугун, 24 июль куни Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бокс бўйича давом этаётган “Yerevan Mayor Cup” турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Самандар Олимов ва Тўрабек Ҳабибуллаев ярим финал жангларини ўтказади.
-60 килограмм оғирликда кечадиган финал олди баҳсида Самандар Олимов арманистонлик Артур Базеян қаршилигини енгишга ҳаракат қилса, -90 килограмм вазн тоифасида Тўрабек Ҳабибуллаев Эрон вакили Ҳади Моҳаммаднежад билан финал йўлланмаси учун жанг олиб боради.
Кеча нуфузли мусобақанинг ортда қолган учинчи кунида Шаҳзод Музаффаров -55 кило оғирликдаги ярим финал жангида Арман боксчиси Сурен Рубинянни 5:0 ҳисобида енгиши натижасида финалда олтин медалга даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
-70 кг. вазн тоифасидаги ярим финалда эса яна бир юртдошимиз Иқболжон Холдоров арманистонлик Хурутюн Хакобкохянга 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, бронза медаль билан кифояланди.
“Yerevan Mayor Cup” халқаро турнири 25 июлга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА