Волейболчиларимиз Покистонда Қозоғистон жамоасини мағлуб этди
Шу кунларда Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасида Марказий Осиё чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.
Минтақанинг 6 та давлат жамоалари иштирок этаётган мусобақада Рамин Бабаи бош мураббийлигидаги Ўзбекистон эркаклар миллий терма жамоаси иштирок этмоқда.
Мусобақа тақвимига биноан ҳамюртларимиз халқаро турнирнинг илк кунларида Бангладеш ва Қозоғистон терма жамоалари билан ўйин ўтказди.
Дастлабки баҳсда ҳамюртларимиз Бангладеш жамоасига 2:3 кўринишида имкониятни бой берган бўлса, қўшни Қозоғистон жамоаси билан ўйинда ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.

Қизиқарли ва шиддатли кечган учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси қўшни мамлакат волейболчиларини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Айтиш лозимки, ушбу муваффақият волейбол бўйича катталар миллий жамоалари ўртасидаги расмий учрашувлардаги Ўзбекистон жамоасининг илк ғалабаси эканлиги билан эътиборлидир.
Чемпионат тақвимига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун, 24 июль куни Шри-Ланка жамоаси билан, 26 июлда Покистон, 27 июль куни Непал жамоаси билан куч синашади.
Мусобақалар 29 июлга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА