Яширилган олтин қуймалар фош бўлди
Қимматбаҳо металл ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан яширган ҳолда олиб ўтишга уриниш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Аммо бу ҳуқуқий нормани чуқур англамаган, “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида иш кўрган “уддабурон” томонидан тиллаларни юртимиз ҳудудидан бошқа чет эл мамлакатига олиб чиқишининг олди олинди.
Наманган вилояти божхона бошқармасининг “Наманган халқаро аэропорти”даги чегара божхона пости ходимлари Давлат хавсизлик хизмати авиация хавфсизлигини таъминлаш ходимлари ҳамда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда «Наманган–Деҳли» йўналишидаги авиарейси орқали Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига учиб кетаётган Ўзбекистон фуқароси юклари божхона назоратидан ўтказилди.

– Назорат жараёнида йўловчининг юклари орасидаги майиз ва ёнғоқлар аралашмаси солинган пакет текширилганда, унинг ичига кичик олтин қуймачалар яширилгани маълум бўлди, – дейди Наманган вилояти божхона бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош инспектори, капитан Анастасия Атаханова. – Бунинг натижасида, юклар орасидан умумий қиймати 108 миллион 540 минг сўмлик, 90,45 грамм оғирликдаги сариқ рангли металлдан ясалган ярим тайёр заргарлик буюмлари ҳамда тўрт дона қўлбола тилла қуймалари аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири