Қудратли армия — ишончли ҳимоя
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар масканида «Ўзбекистон армияси — кеча ва бугун» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси вакили, Тошкент ҳарбий округи қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, Гулистон ҳарбий прокурори, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлат чегаралари дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳарбий хизматчиларнинг масъулияти, уларнинг жанговар шайлиги, касбий маҳорати ва хизмат интизомининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Тошкент ҳарбий округи қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Нозимжон Бултуров ўз чиқишида ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий низом ва хизмат тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиши, хизмат вазифаларини масъулият билан бажариши, ҳарбий жамоаларда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаши зарурлигини таъкидлади.
Гулистон ҳарбий прокурори, адлия полковниги Фаррух Джумаев эса ҳарбий хизматчилар томонидан қонунчилик талаблари ва ҳарбий низомларга риоя этилиши, хизмат давомида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда шахсий масъулиятни ошириш масалаларига тўхталди.
Қуролли Кучлар фахрийси, генерал-майор Раҳматулло Атаханов «Ўзбекистон армияси — кеча ва бугун» мавзусидаги маърузасида миллий армиямизнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, мустақиллик йилларида мудофаа соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда бугунги Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Президентимиз — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий қисмларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жанговар тайёргарликни ошириш ва ҳарбий хизматчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
[gallery-32532]
Учрашувда замонавий армия учун юксак касбий тайёргарлик билан бир қаторда, ҳарбий хизматчиларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ҳам муҳим экани қайд этилди. Шу муносабат билан ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, бадиий ва тарихий адабиётларни мутолаа қилиш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг касбий ривожланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Иштирокчилар ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг ватанпарварлик туйғуси ва ижтимоий фаоллигини ошириш юзасидан таклифлар билдирдилар.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Тошкент ҳарбий округи қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Гулистон ҳарбий прокурори томонидан ҳарбий хизматчилар учун сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида ҳарбий хизматчиларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Кўтарилган муаммоларни амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш бўйича тегишли тавсиялар билдирилди.
Сайёр қабул ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни жойида ўрганиш ҳамда мавжуд масалалар ечимига кўмаклашишга қаратилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (суратлар) ЎзА мухбирлари