Японияда туғилиш даражаси кескин камаймоқда
Япония Ички ишлар ва коммуникация вазирлиги маълумотида 1 январь ҳолатига кўра мамлакатнинг туб фуқаролари сони ўтган йилга нисбатан 0,76 фоиз камайиб, 119.74 миллион кишига тушгани келтирилган.
Шу тариқа мамлакатда японлар сони сўнгги 42 йил ичида илк бор 120 миллиондан камайди. 2009 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан сўнг аҳоли сони қисқариши кетма-кет 17 йилдан бери давом этяпти. Шу билан бирга мамлакатдаги хорижликлар сони 2013 йил статистика юритила бошлангандан бери энг юқори даражага етди. Чет эл фуқароларини ҳам ҳисобга олганда Япониянинг жами аҳолиси 123,8 миллион киши.
Мамлакатда демографик қариш жараёни ҳам жиддий тус олган: ўртача ёш 49,9. Жаҳон банки маълумотига кўра, айни кўрсаткич бўйича кун чиқар юрт фақат Монакодан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Июнь ойи ҳисоботига кўра, туғилиш ўнинчи йил кетма-кет камайиб, ҳар бир аёлга ўртача 1,14 фарзанд тўғри келадиган рекорд даражадаги паст кўрсаткич қайд этилди. Ўтган йил мамлакатда 670 000 дан сал кўпроқ чақалоқ дунёга келди. Бу ҳам 1899 йил статистика юритила бошлангандан кейинги энг паст натижа.
Вазиятни ўнглаш ва оила қуришни рағбатлантириш мақсадида ҳукумат турли янгича чораларни кўрмоқда. Хусусан, июль ойида Токио мэрияси томонидан ишга туширилган сунъий интеллектга асосланган танишув хизмати орқали 265 жуфтлик оила қуришга муваффақ бўлди. Июнь ойи охиридаги ҳолатга кўра, ушбу иловада 16 000 фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Айни пайт яна 760 жуфтлик оила қуришга тайёргарлик кўрмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА