Янгийўлда чиқинди ташиш хизматлари яхшиланмоқда
Бугун аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада замонавий, экологик талабларга жавоб берадиган махсус техникалардан фойдаланиш чиқиндиларни бошқариш тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ана шундай замонавий техникалардан 9 таси Тошкент вилояти “Тоза ҳудуд” давлат муассасасининг Янгийўл тумани филиалига топширилди.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан топширилган махсус техникаларнинг 5 таси тўлиқ электр қувватида ҳаракатланувчи, 4 таси эса дизель ёнилғисида ишлайдиган чиқинди ташувчи автомобиллардан иборат. Барча техникаларнинг чиқинди ташиш сиғими 12 куб метрни ташкил этади.
Янги техникалар Янгийўл туманидаги қарийб 60 минг нафар аҳолига чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш имкониятини янада кенгайтиради.

Айниқса, электр қувватида ҳаракатланувчи 5 та махсус автомобиль экологик жиҳатдан қатор афзалликларга эга. Улар тўлиқ электр қувватида ҳаракатланиши, шовқин даражасининг пастлиги, атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни камайтириши ва ёнилғи сарфини қисқартириши билан ажралиб туради. Бу эса чиқиндиларни ташиш жараёнида экологик юкламани камайтиришга хизмат қилади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, соҳа мутахассислари, ҳудуд фаоллари қатнашди. Мазкур техникаларнинг калитларини Тошкент вилояти “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси раҳбари Дилдора Рўзиева ва Янгийўл тумани ҳокими Санъатбек Жуманиязов соҳа масъулларига топширди.
Таъкидланганидек, янги техникаларнинг хизматга жалб этилиши туманда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Муҳими, экологик тоза ва замонавий технологиялардан фойдаланиш эса чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркуляр иқтисодиёт тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
А.Мусаев,ЎзА