Бурч ва садоқат эътирофи
Халқ осойишталигини асраш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларининг меҳнати доимо эътибор ва эътирофга муносиб. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Янгиҳаёт туманларида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан соҳа ходимлари шарафига тантанали тадбирлар ўтказилди.
Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган байрам тадбирида туман ҳокимлиги мутасаддилари, ички ишлар органлари раҳбарияти, соҳа ходимлари ва фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан қутлаб, уларнинг жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги хизматларини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятида халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устувор аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, маҳаллабай ишлаш тизими асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёшлар ва оилалар билан манзилли профилактик ишлар олиб бориш соҳа ходимларидан юксак масъулият, ҳушёрлик ва фидойилик талаб этади.
Байрам муносабати билан хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар тақдирланди. Уларга туман ҳокимининг ташаккурномалари ҳамда “Ватан” жамоат фонди томонидан таъсис этилган “25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда соҳа фахрийларига ҳам алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси, бой ҳаётий тажрибаси ва ёш ходимларга кўрсатаётган ибрати эътироф этилди.
Янгиҳаёт туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар органлари ходимларининг қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш йўлидаги масъулиятли хизматига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32245]
Ўз хизмат бурчини шараф билан адо этиб, касбий фаолиятида юқори натижаларга эришаётган, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Ҳар икки туманда ўтказилган байрам тадбирлари санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари билан давом этди. Ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб, тантаналарга янада файз бағишлади.
Камола ЮСУПОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА