Янгиланишлар тимсоли
Бугун Сирдарё вилояти ҳақида сўз кетганда, уни фақат аграр ҳудуд ёки муҳим транзит йўлак сифатида тасаввур қилиш етарли эмас. Кейинги йилларда вилоятда саноатни ривожлантириш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар туфайли ҳудуд иқтисодиётида мутлақо янги муҳит шаклланмоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар рақамлар ёки ҳисоботларда эмас, амалий натижалар ва янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда одамлар ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.
Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган “MMX PRO” корхонаси ана шу янгиланишлар тимсоли сифатида эътиборга лойиқ.
2020 йилда ташкил этилган мазкур ишлаб чиқариш мажмуаси қисқа вақт ичида мамлакатимиздаги йирик полипропилен қоп ишлаб чиқарувчилардан бирига айланди. Илгари асосан четдан келтирилган ёки йирик саноат марказларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бугун Сирдарёнинг ўзида тайёрланмоқда. Бу эса ҳудуд саноати учун мутлақо янги босқич эканини англатади.

Корхонада цемент, минерал ўғит, қуруқ қурилиш аралашмалари, озуқа маҳсулотлари ва бошқа саноат тармоқлари учун мўлжалланган замонавий полипропилен қоплар ишлаб чиқарилмоқда. Бир қарашда оддий қадоқ маҳсулотидек туюлган ушбу йўналиш ортида катта технология, аниқ ҳисоб-китоб ва юқори сифат талаблари мужассам.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Унинг 7 миллион доллари тижорат банки кредит маблағи ҳисобидан молиялаштирилган. Бугун корхона йилига 40 миллион дона, кунига эса 110 минг донагача маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Айниқса, Австриянинг дунёга машҳур “Starlinger” технологиялари асосида ишлаб чиқарилаётган AD*STAR туридаги клапанли қоплар корхонанинг асосий рақобат устунлиги ҳисобланади. Бу турдаги маҳсулотлар юқори мустаҳкамлиги, енгиллиги ва ҳаво ўтказмаслиги билан қурилиш, кимё ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида катта талабга эга.

– Полипропилен қоплар бугун саноат ва логистика соҳасида энг кўп талаб қилинаётган маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Маҳсулотнинг мустаҳкамлиги ва сифатли қадоқ сифатида хизмат қилиши буюртмачилар учун муҳим омил, – дейди корхона раҳбари Қобилжон Тўраев.
Муҳими шундаки, “MMX PRO”да ишлаб чиқариш тўлиқ цикл асосида ташкил этилган. Хомашёни қайта ишлашдан тортиб, ип тайёрлаш, тўқиш, ламинация қилиш, қопни шакллантириш ва тайёр маҳсулотни етказиб беришгача бўлган барча жараён бир жойнинг ўзида амалга оширилади. Бу эса вақт ва харажатни тежаш, энг асосийси, сифат устидан қатъий назорат ўрнатиш имконини беради.
Бугун глобал бозорда рақобат қилиш учун арзон маҳсулотнинг ўзи кифоя эмас. Сифат, стандарт ва ишонч биринчи ўринга чиқмоқда. Шу маънода, Германиянинг “Zwick Roell” лаборатория ускуналари ёрдамида маҳсулотларнинг мустаҳкамлиги, намликка чидамлилиги ва юкламага бардошлилиги синовдан ўтказилаётгани корхона фаолиятига бўлган ишончни янада оширмоқда. Ҳар бир партия ишлаб чиқаришдан олдин ва кейин сифат назоратидан ўтказилади.

Корхонада бугунги кунда 120 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Бу эса биргина ишлаб чиқариш мажмуаси ортида юзлаб инсонлар ва оилаларнинг барқарор даромад манбаи турганини англатади. Айниқса, ёш мутахассисларнинг замонавий технологиялар билан ишлашни ўрганаётгани ҳудудда янги саноат маданияти шаклланаётганидан далолат беради.
Жорий йил бошида қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг янги технология ва ускуналар импорт қилинди. Ушбу замонавий линиялар орқали 10 килограммдан 150 килограммгача бўлган маҳсулотларни қадоқлаш учун мўлжалланган саккиз турдаги қоплар ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса маҳсулот турларини кенгайтириш ва бозор талабига мослашиш имконини бермоқда.
“MMX PRO” маҳсулотлари бугун нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорини топмоқда. Айни пайтда корхона МДҲ давлатларига экспорт ҳажмини кенгайтириш устида иш олиб бормоқда. Хусусан, “Indorama”, “Фарғона Азот”, “Turon Cement”, “Garbus”, “Baraka Mix” каби йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани маҳсулот сифати ва ишончлиликнинг амалий тасдиғидир.

Корхонада мижозлар талаби асосида индивидуал буюртмаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қопларга логотип тушириш, бренд рангларини қўллаш, маркировка ва QR-код жойлаштириш имкониятлари маҳсулотларнинг бозордаги рақобатбардошлигини янада оширмоқда. Замонавий босма технологиялари эса рангларнинг аниқлиги ва чидамлилигини таъминламоқда.
Логистика тизими ҳам корхона фаолиятининг муҳим бўғинига айланган. Ўз автотранспорт парки ва ҳамкор логистика компаниялари орқали маҳсулотлар буюртмачиларга қисқа муддатлар ва хавфсиз тарзда етказиб берилмоқда. Бу эса ишлаб чиқаришдан тортиб, мижозгача бўлган занжирнинг узлуксиз ишлашини таъминлаяпти.
Мутахассислар фикрича, “MMX PRO” каби замонавий корхоналар ҳудуд иқтисодиёти учун ҳақиқий драйвер вазифасини бажармоқда. Чунки бундай лойиҳалар бир вақтнинг ўзида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳаллий кооперацияни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу каби корхоналар одамларда “Сирдарёда ҳам замонавий саноат қилиш мумкин” деган ишончни мустаҳкамламоқда. Бугун ҳудудда шаклланаётган янги саноат муҳити эртанги иқтисодий тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
“MMX PRO” тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий тадбиркорлик ташаббуси, замонавий технология ва давлат қўллаб-қувватлови уйғунлашганда нафақат рақобатбардош маҳсулот, балки бутун ҳудуд иқтисодиётини ҳаракатга келтирадиган кучли саноат драйвери ҳам вужудга келади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат ва видео), ЎзА