“BMB Holding” маҳсулотлари халқаро бозорлар эътиборида
Гонконг шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Хитой иқтисодий форуми доирасидаги “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмаси мамлакатимиз экспорт салоҳиятини намоён этган муҳим халқаро майдонга айланди. Айниқса, Жиззах вилоятининг Бахмал, Арнасой, Шароф Рашидов ва қатор бошқа туманларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нуфузли кўргазмада намойиш этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозордаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Кўргазмада “BMB Holding” томонидан тақдим этилган маҳсулотлар меҳмонлар ва халқаро бизнес доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Жиззах вилояти Бахмал туманининг ўзига хос иқлими ва табиий шароитида етиштирилган “BMB Za’faron” бренди маҳсулотлари, шунингдек, воҳанинг бошқа ҳудудларида етиштирилиб, чуқур қайта ишланган мева-сабзавотлар экспортбоп сифати, экологик тозалиги ва юқори стандартларга мослиги билан ажралиб турди.

Эътиборлиси, мазкур маҳсулотларнинг асосий қисми Бахмалнинг тоғ олди ҳудудлари, Арнасойнинг қуёшли далалари, Шароф Рашидов тумани ҳамда Жиззах вилоятининг бошқа аграр ҳудудларида етиштирилган хомашё асосида тайёрлангани билан аҳамиятлидир. Бу эса, бир томондан, ҳудудларда қишлоқ хўжалиги кластерлари фаолияти кенгайиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, ердан самарали фойдаланиш орқали қўшимча қиймат яратаётган корхоналар сони ортиб бораётганини англатади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва миллий брендларни халқаро бозорларга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган ягона интеграциялашган тизимни шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

“BMB Holding” фаолияти айнан ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилмоқда. Компания томонидан Жиззах вилоятида заъфарончилик, интенсив боғдорчилик ва қайта ишлаш саноати йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини кўпайтириш ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Гонконгдаги кўргазма давомида “BMB Holding” экспозициясига хорижий инвесторлар, йирик савдо компаниялари ҳамда молиявий институтлар вакиллари ташриф буюриб, маҳсулотларнинг сифати ва экспорт имкониятлари билан яқиндан танишди. Музокаралар жараёнида янги экспорт йўналишларини очиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Гонконг махсус маъмурий ҳудуди раҳбарлари иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлашди.
Бугун Жиззах заминида етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро кўргазмаларда намойиш этилаётгани — бу оддий иштирок эмас. Бу аввало маҳаллий меҳнаткаш деҳқон ва фермерлар, замонавий агротехнологиялар, қайта ишлаш саноати ҳамда миллий брендлар уйғунлигининг амалий натижасидир. Энг муҳими, Жиззах воҳаси заминида етиштирилган маҳсулотлар энди дунё бозорларида “Made in Uzbekistan” брендининг муносиб тимсолига айланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири