Янги Тошкентда ТДЮУнинг янги кампуси қурилиши бошланди
Янги Тошкентда Тошкент давлат юридик университетининг янги кампуси қурилишига старт берилди.
Тадбирда адлия вазири, вазирликнинг масъул ходимлари, университетнинг фахрий профессор-ўқитувчилари ва нуронийлар иштирок этиб, бинога дастлабки тамал тошини қўйишди.
Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан еттита миллий дастурни эълон қилган эди. Уларнинг биринчиси билим ва малакани ривожлантиришга бағишланган. Дастурда олийгоҳларни дунё рейтингларида юқори поғоналарга олиб чиқиш вазифаси белгиланган.
Шу ўринда ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори Фируза Мухитдинова шундай деди:
— Президентимиз дунё рейтингларига интилаётган олийгоҳларга ишонч билдирган эди. Бугун ТДЮУ ҳам янги замонавий кампуси, дуал таълими ва барча шароитлари билан ана шу марра сари катта қадам ташламоқда.
Янги кампусда замонавий ўқув биноси, электрон кутубхона, амалий машғулотлар учун махсус хоналар ва талабалар турар жойи барпо этилади.
Университетда дуал таълим тизими жорий этилмоқда. Талабалар назарий билимни аудиторияда, амалий кўникмани суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда эгаллайди.
Экспертлар фикрича, янги кампус университет илмий салоҳиятини оширади, халқаро ҳамкорликни кенгайтиради ва хорижий талабаларни жалб қилишга имкон беради.
— Устозлар қўли билан қўйилган тамал тоши — авлодлар ворислигининг рамзи. Бу бинода ўқийдиган ёшлар адолат посбонлари бўлиб етишади, — дейди Фируза Мухитдинова.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА