Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи
Навоий шаҳрида “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи!” шиори остида зиёлиларнинг мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, мамлакат тараққиётида зиёлиларнинг ўрни ва масъулияти, ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, илм-фан, таълим ва маданиятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш, маърифат ва илмга интилишни кучайтиришда зиёлиларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбир доирасида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва маънавий тараққиётининг турли йўналишларига бағишланган шўъба йиғилишлари ҳам ташкил этилди. Уларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида устувор аҳамият касб этаётган масалалар, жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ҳамда истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, “Ўз” фалсафасининг замонавий талқини, Янги Ўзбекистоннинг устувор қадриятлари ва “инсон қадри” тамойилининг амалий аҳамияти, жамиятда ватанпарварлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, рақамли тараққиёт ва медиа макондаги ўзгаришларга мослашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, миллий тарбияни ривожлантириш, ёшлар, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш, ўзбек тилининг нуфузини юксалтириш, адабиёт, таржима санъати ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш каби муҳим йўналишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бундан ташқари, тарихий хотира ва миллий меросни асраб-авайлаш, ҳуқуқий тафаккурни юксалтириш, маданият ва санъат, театр, кино ҳамда ижодий иқтисодиётни ривожлантириш, замонавий илм-фан, таълим, инновацион тиббиёт, яшил тараққиёт ва интеллектуал тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
[gallery-32534]
Шўъба йиғилишларида Навоий вилоятининг улкан саноат ва иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда саноат ва илм-фан интеграциясини кучайтириш, ишлаб чиқаришга инновацияларни жорий этиш ҳамда малакали муҳандис кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот доирасида бир гуруҳ фаол ва ташаббускор зиёлилар эътироф этилиб, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири