“Янги кун”дан янги имкониятлар сари
Инсон ҳаётида эътибор ва меҳрнинг ўрни беқиёс. Айниқса, доимий ғамхўрлик ва кўмакка эҳтиёж сезадиган инсонлар учун бундай эътибор уларнинг кундалик ҳаёти, ижтимоий фаоллиги ва янги кўникмаларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этади. Тошкент вилоятида йўлга қўйилаётган "Янги кун" кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги тегишли қарори билан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати ташкил этилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида йўлга қўйилган мазкур хизмат ногиронлиги бўлган шахсларни кундузги вақтда қараб туриш ва парваришлаш, уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш ҳамда реабилитация тадбирларини амалга оширишга қаратилган.
Хизматни ташкил этиш бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда тадбиркор ўртасида тегишли битим имзоланиб, “Янги кун” хизмати замонавий талаблар асосида йўлга қўйилмоқда.
Ҳозир Ўрта Чирчиқ туманида ташкил этилган мазкур хизматга 12 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз жалб этилган. Бу ерда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, турли кўникмаларини ривожлантириш, мулоқот доирасини кенгайтириш ва жамиятга мослашувига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Қизим Дилфуза Бектоева 27 ёшда, — дейди Зубайда Исмоилова. — Бу ерга келиб, ҳар куни тикишни, овқат қилишни, расм чизишни ўрганмоқда. Ҳозир дугоналар орттириб, уларга қўшиладиган бўлди. Бундан миннатдорман. Ишонаманки, давлатимиз томонидан қилинаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатади. Зеро, бу ерда гап фақат кундузги парвариш ҳақида эмас, балки инсоннинг ўз қобилиятини намоён этиши, янги кўникмаларни эгаллаши, мулоқот қилиши ва ўзини жамиятнинг бир қисми сифатида ҳис этиши учун шароит яратиш ҳақида бормоқда.
Аслида “Янги кун” номининг ўзида ҳам чуқур маъно мужассам. Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон учун янги кун янги имконият, янги мулоқот ва янги кўникмалар сари ташланган қадамдир. Бундай хизматларнинг йўлга қўйилиши ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш билан бирга, уларнинг яқинлари учун ҳам муҳим ижтимоий кўмак бўлмоқда.
Энг муҳими, эътибор, меҳр ва ғамхўрлик муҳитида инсоннинг қадрини ҳис қилиши, ўз имкониятларини намоён этиши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун яна бир имконият яратилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА