АЭС қурилиши: 10 мингдан ортиқ ишчи ва мутахассис жалб этилади
“Ўзатом” агентлигида Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишга Жамоатчилик кенгаши раиси Бахтиёр Эргашев раислик қилди. Унда илмий ҳамжамият вакиллари, соҳа экспертлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти Фориш туманида интеграциялашган атом электр станцияси қурилиши, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва экологик назорат масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаевнинг маълум қилишича, қурилиш ишлари тасдиқланган жадвал асосида олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, маҳаллийлаштириш улуши ҳозирнинг ўзида камида 30 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, Фориш туманида махсус саноат зонаси ва замонавий атом шаҳарчасини барпо этиш режалаштирилган.
Қурилишнинг энг қизғин босқичида 10 мингдан ортиқ ишчи ва мутахассис меҳнат қилиши, уларнинг 65-70 фоизини маҳаллий кадрлар ташкил этиши кутиляпти. Кадрлар тайёрлаш жараёни ҳам ҳозирдан бошланган бўлиб, миллий мутахассислар хорижий атом станцияларида амалиёт ўтамоқда.
Йиғилишда экологик ҳолат, ҳавонинг чангланиши, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ҳамда иш майдонидаги назорат масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тегишли ташкилотлар томонидан бу йўналишларда мунтазам мониторинг олиб борилаётгани таъкидланди.

Жамоатчилик кенгаши раиси Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, атом энергетикаси лойиҳаси бўйича давлат ва жамият ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш муҳим. Унинг қайд этишича, кенгашнинг асосий вазифаларидан бири аҳолини қизиқтираётган масалаларни муҳокама марказига олиб чиқиш ва лойиҳа ҳақида жамоатчиликка очиқ, тушунарли ҳамда ўз вақтида ахборот етказишдан иборат.
Йиғилиш якунида АЭС қурилиши, атом шаҳарчасини барпо этиш, кадрлар тайёрлаш ва лойиҳа жараёнларини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш Жамоатчилик кенгашининг келгуси фаолиятидаги асосий йўналишлар этиб белгиланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА