Янги бино — янги имкониятлар
Боланинг кулгиси янграган масканда келажакнинг энг эзгу орзулари камол топади. Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, ҳар бир бола учун замонавий ва муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳам бу борадаги эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Тумандаги “Оқгул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 18-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг мукаммал таъмирланган биноси ҳамда янги қўшимча биноси фойдаланишга топширилди.
Бу оддий бир бинонинг очилиши эмас. Бу — юзлаб ота-оналарнинг кўнглига хотиржамлик, болажонларнинг қалбига қувонч, ҳудуднинг эртанги кунига ишонч бағишлайдиган муҳим воқеадир.
Мазкур таълим ташкилоти Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 4,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирланди.

Шу билан бирга, болалар учун 90 ўринга мўлжалланган янги қўшимча бино барпо этилди.
Энг муҳими, энди тарбияланувчилар учун ёруғ ва шинам хоналар, замонавий таълим-тарбия муҳити, хавфсиз ва қулай шарт-шароитлар мавжуд. Бу эса кичик қалб эгаларининг илк билим ва кўникмаларини пухта эгаллаши, қобилият ва истеъдодини эркин намоён этиши учун кенг имконият демакдир.
Бугун мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига қаратилаётган эътибор замирида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ёш авлод тарбияси ва таълимига дахлдор ташаббуслари мужассам. Дарҳақиқат, таълимга киритилган ҳар бир сармоя — келажакка киритилган сармоядир. Бугун болалар учун қурилаётган замонавий боғча ва мактаблар эртага билимли, дунёқараши кенг, Ватан тақдирига дахлдор авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Ғиждувондаги ушбу янги мажмуа ҳам давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, болаларга муносиб таълим ва тарбия бериш, айниқса, қишлоқ ҳудудларида замонавий ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш сиёсатининг ҳаётдаги амалий ифодасидир.

Янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда туман ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, таълим ташкилоти ходимлари, ота-оналар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар юртимизда таълим ва тарбия соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, айниқса, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар аҳамиятини алоҳида қайд этишди.
Нуронийлар эса бугунги осуда ва фаровон ҳаёт, фарзандлар учун яратилаётган беқиёс имкониятлар, юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига самимий тилаклар билдиришиб, дуолар қилишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири