Яккасарой туманида Олий суд раисининг сайёр қабули бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда аҳоли мурожаатларини тинглаш, уларнинг муаммоларига осон ва тез ечим топиш мақсадида раҳбар ходимларнинг сайёр қабулларини тизимли ташкил қилиш йўлга қўйилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан раҳбарларнинг қуйи қатламга алоҳида эътибор қаратиши натижасида аҳолини қийнаётган кўплаб долзарб масалалар ўзининг ижобий ечимини топиб келмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий давоми ўлароқ, Яккасарой туманидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов бошчилигида сайёр қабул ташкил этилди.


Халқ билан бевосита мулоқот, муаммоларни жойида ўрганиш ва тезкор ечим топиш тамойили асосида ўтган сайёр қабулда туман масъуллари, фуқаролар ва ёшлар фаол иштирок этди.
Сайёр қабул давомида суд-ҳуқуқ масалалари, ижтимоий ҳимоя, бандлик, тадбиркорлик ва бошқа йўналишлардаги мурожаатлар батафсил кўриб чиқилиб, ҳар бир мурожаат индивидуал ёндашув асосида таҳлил қилинди. Масъулларга аниқ вазифалар белгиланиб, унинг ижроси қатъий назоратга олинди. Қатор масалалар жойида ижобий ҳал этилгани эса аҳоли кайфиятини янада яхшилашга сабаб бўлди.


Қайд этиш лозимки, бундай очиқ ва шаффоф мулоқотлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА