Янги мактабгача таълим муассасаси иш бошлади
Қурбон ҳайити арафасида Сирдарё вилоятининг Ховос тумани аҳли учун яна бир қувончли воқеа юз берди. Туманнинг Қайирма маҳалласида замонавий талаблар асосида барпо этилган 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Маълум қилинишича, объект қурилиши икки йил аввал бошланган бўлиб, дастлабки босқичда 2 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бироқ маълум сабабларга кўра қурилиш ишлари тўлиқ якунланмай қолган эди. Кейинчалик вилоят ҳокимининг эътибори ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан қурилишни ниҳоясига етказиш, болажонлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча 785 миллион сўм ажратилди. Натижада “Каарат” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан объект тўлиқ битказилиб, замонавий кўринишга эга таълим маскани барпо этилди.


Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари Азиз Расулов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, болаларни баркамол ва интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидладилар.
Айтилганидек, мактабгача таълим инсон камолотининг дастлабки ва энг муҳим босқичи ҳисобланади. Шу боис бугун соҳада замонавий инфратузилма яратиш, муассасаларни юқори малакали кадрлар, илғор ўқув жиҳозлари ва замонавий технологиялар билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.


– Янги мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча зарур шароитлар муҳайё этилган. Муассасада ёруғ ва кенг гуруҳ хоналари, санитария-гигиена хоналари, тиббиёт хонаси, мусиқа зали, замонавий ошхона ва умумий овқатланиш зали бунёд этилган. Шунингдек, болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ўйин майдончалари ва ёзги айвончалар барпо этилди, – дейди муассаса раҳбари Ҳулкар Абдураҳмонова.
Муассаса болалар ёшига мос ўйинлар ва ўйинчоқлар, кўргазмали қуроллар, дидактик материаллар, замонавий мебел жиҳозлари, маиший техника ҳамда ошхона анжомлари билан тўлиқ таъминлангани унинг имкониятларини янада кенгайтиради.


120 нафар болани қамраб олиш қувватига эга мазкур таълим муассасасида тарбияланувчиларга давлат таълим дастурлари асосида малакали педагоглар томонидан таълим-тарбия берилади. Бу ерда болаларнинг жисмоний, ақлий ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Айниқса, спорт, мусиқа, тил ўрганиш ва тасвирий санъат тўгаракларининг ташкил этилгани болаларнинг қизиқиши ва истеъдодини эрта аниқлаш ҳамда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса келажакда иқтидорли ва билимли авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири