Яккабоғ туманида одамлар гапиради, ҳукумат эшитади (+видео)
Мустақилликнинг 35 йиллигига
Тошкентдан Қарши шаҳригача бўлган масофа М-39 магистраль йўли орқали тахминан 400-420 км ни ташкил этади ва одатда бу йўл енгил автомобилда 6-7 соат атрофида босиб ўтилади. Пойтахтдан чиқиб, Гулистон, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларидан ўтгач, халқаро трассадан ажралиб, Тахтақорача довони (ёки Шаҳрисабз айланма йўли) орқали Қарши шаҳрига етиб олса бўлади.
Мен кичик саёҳатни Шаҳрисабз орқали давом эттиришга қарор қилдим. Ёзнинг жазирама кунларида хатоки довонда ҳам ҳаво ҳарорати юқори. Мазкур йўлнинг каттагина қисми Яккабоғ туманидан ҳам ўтади.
Яккабоғ - Қашқадарё вилоятининг шарқий қисмида, марказдан 95 километр узоқда жойлашган ҳудуд. У Ҳисор тоғ тизмаларига туташган ва ушбу манзилда танти, мард, меҳнаткаш 200 минг нафарга яқин аҳоли яшайди.
Бундан чамаси 10 йил бурун келганимда йўл бўйларида ташландиқ, қаровсиз қолган ерлар кўп эди. Бу гал кети узилмайдиган боғлар, ишкомли узумзорларни кўриб, қишлоқ хўжалигидаги ер ислоҳотларининг самараси яққол кўринди.

Яқин икки йил ичида Яккабоғ тумани ҳар бир соҳада энг илғор ҳудудлардан бирига айланиши учун кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди.
Автомобиллар серқатнов жойларидаги 2 қаторли йўллар 4 қатнов этиб кенгайтирилмоқда. Икки чекасида пиёдалар йўлакчалари, қуёшдан қувват олувчи тунги ёритгичлар, замонавий ўриндиқлар ўрнатилиб, сайр қилувчиларга қулайликлар яратилибди. Пастқам, тартибсиз уйлар ўрнида бир-биридан чиройли, шинам бинолар қад ростламоқда.

Ҳокимият биносига етиб бордик. Туман ҳокими пешвоз чиқди. Бир-икки дақиқалик қисқа суҳбатимизни ҳоким қабулига мурожаат билан келган фуқаролар бўлди. Албатта, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш муҳимроқ вазифа. Бугунги кунда барча ҳудудда вазият шундай. Халқ гапиради, таклиф-мулоҳазаларини билдиради, керак бўлса эътироз билдиради. Ижро этувчи орган бутун жамоаси билан масалаларни ҳал қилишга киришади. Бунинг учун энди ҳокимиятларда пул ҳам, қўшимча ресурс ҳам етарли.

Яккабоғ тумани Хиёбон маҳалласида аҳоли бирдамлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳашар анъаналари асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллада олиб борилаётган эзгу ташаббуслар нафақат ҳудуд қиёфасини ўзгартирмоқда, балки аҳоли учун янада қулай ва обод яшаш муҳитини ҳосил қилган.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жафар Раҳимовнинг таъкидлашича, маҳаллада ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий спорт майдончаси мавжуд эмас эди. Шу боис саховатпеша тадбиркор Баҳодир Ўринов ўзининг деҳқончилик учун фойдаланиб келган ер майдонини маҳалла ёшлари манфаати йўлида мини футбол майдончаси қуриш учун ажратибди.

Ушбу хайрли ташаббус маҳалла аҳолиси томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, ҳашар йўли билан қарийб 200 миллион сўм маблағ йиғилди ва ишлар бошлаб юборилди. Бугунги кунда замонавий мини футбол майдончасининг қурилиш ишлари якуний етай деб қолди. Мазкур иншоот Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида тантанали равишда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинининг мавжуд биноси замон талабларига жавоб бермай қолгани боис, аҳоли ташаббуси ва ҳашар йўли билан умумий қиймати қарийб 400 миллион сўм бўлган, 6 хонали янги маҳалла биноси қурилмоқда. Янги бинода фуқароларга давлат ва ижтимоий хизматларни янада сифатли кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилади.
Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги натижасида ҳудуднинг кириш қисмида ҳам ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, «Хиёбон маҳалласига хуш келибсиз» ёзуви туширилган замонавий кириш аркаси барпо этилмоқда. Ушбу иншоот маҳалланинг кўркига кўрк қўшиши билан бирга, ҳудуднинг ўзига хос тимсолига айланиши кутилмоқда.

Аҳоли учун қулай инфратузилмани яратиш мақсадида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида маҳалладаги 14 километр ички йўллар асфалтлаштирилди. Бу эса аҳолининг кундалик ҳаракатланиши учун янада қулай шароит яратди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳалла ҳудудидаги кўчаларга 8 та замонавий кузатув камераси ўрнатилиб, хавфсиз муҳитни таъминлаш борасида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хиёбон маҳалласида томорқадан самарали фойдаланиш маданияти ҳам кенг оммалашмоқда. Хусусан, маҳаллада яшовчи Низомиддин Султонов ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида 60 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонида замонавий иссиқхона ташкил этибди. Иссиқхонада лимон, бодринг ва банан кўчатлари парваришланмоқда. Бу орқали у ўз оиласи, жумладан келинлари ва фарзандларининг доимий бандлигини таъминлаган.
Бундан ташқари, Низомиддин Султонов хонадонида 500 тупга яқин турли хил мевали дарахтлар парвариш қилинмоқда. Етиштирилаётган маҳсулотлар маҳаллий бозорларга етказиб берилиб, оила учун барқарор даромад манбаи яратилган.
Хиёбон маҳалласида амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар аҳоли бирдамлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик юксак натижаларга эришишнинг муҳим омили эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Туманни айланар эканмиз, бир кўркам манзарага кўзимиз тушди. 10.5 гектар майдонни эгаллаган боғда замонавий дам олиш ҳудудлари, болалар учун хавфсиз ўйин майдончалари, очиқ саҳна, яшил зоналар, сунъий ҳавзалар ва миллий услубдаги фаввора барпо этиляпти. Бундан ташқари савдо мажмуаси ҳам эътиборимизни тортди. Авваллари бундай савдо мажмуалари аксар ҳолларда катта шаҳарларда, пойтахтда қурилар эди. Эндиликда яккабоғликлар ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотларини яқиндан ҳис қилишаётгани қувонарли хол албатта.

Хуллас, Қашқадарёнинг чекка ҳудуди Яккабоғда бўлаётган ўзгаришлар, аҳоли учун яратилаётган қулайликлардан бир ҳам қувондик. Мана шу босиб ўтилган 35 йиллик мустақиллик йилларида ислоҳотлар энг аввало инсон ва унинг манфаатлари йўлида қурилаётганининг бир кичик мисоли бу. Бугун ана шундай гўзал манзарани бутун республикамиз бўйича кўришимиз мумкин.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА