“Яблоко” партияси сайловдан четлаштирилдими?
Россияда дастлаб “Яблоко” партиясига Давлат Думаси сайловида иштирок этишга рухсат берилган эди, аммо 12 кундан кейин Олий суд жамоа федерал рўйхати расмийлаштирилишини бекор қилди.
Бу ҳолатнинг расмий сабаби сифатида ижтимоий тармоқ орқали хорижий қўллаб-қувватлов, қарши даъво, партия билан боғлиқ шахслар томонидан чет элдан маблағ олиниши ва муаллифлик ҳуқуқи бузилиши кўрсатилмоқда. Табиийки, суд қарори айрим сиёсий доираларда савол туғдирмоқда, чунки Марказий сайлов комиссияси илгари “Яблоко”нинг 269 номзоддан иборат рўйхатини бир овоздан расмийлаштирган ва аллақачон бюллетенга жой олинган эди.
Мухолиф сиёсатчилар ва таҳлилчилар фикрича, партия жараёндан четлатилиши ортида расмийларнинг сайлов олдидан мазкур гуруҳни қўллаб-қувватлаш кўрсаткичи ортиб бораётгани ҳақидаги хавотири бўлиши мумкин.
Авваллари партия 1-2 фоиз атрофида овоз оларди ва бу даража Кремлни хавотирга солмас эди. Шу боис дастлаб Сергей Кириенко бошчилигидаги Президент маъмуриятининг ички сиёсий гуруҳи бу гал ҳам натижа шундан ошмаслигига умид қилган, шекилли.

“Верстка” нашри Марказий сайлов комиссияси ва Президент маъмуриятига яқин манбаларга таяниб, бу қарор ёпиқ сўров “Яблоко” рейтинги 9,3 фоизга чиқиб кетганини кўрсатгандан кейин қабул қилинганини ёзди. Агар партия камида шунча овоз қўлга киритса, Думадан ўрин олиш имкони пайдо бўлади.
Умуман, Федерал хавфсизлик хизмати каби идоралар аввалдан мазкур партия рўйхатдан ўтишига қарши чиққан.
Жамоа обрўси ортиши хориждаги Россия мухолифати томонидан қўллаб-қувватланиш ва кенг кўламли онлайн блогерлик кампанияси билан боғлиқлиги ҳам тахмин қилиняпти. Аксинча, расмийлар ва хавфсизлик кучлари томонидан кучайтирилган босим акс самара берган ва партия учун реклама бўлиб хизмат қилган.
С.Раҳимов, ЎзА