Венгрия парламенти сайловида мухолифат ғалаба қозонди
Якшанба куни бўлиб ўтган Венгрия парламенти сайловида овоз берувчиларнинг рекорд даражадаги 74,23 фоиз иштироки кузатилди: қарийб 9,5 миллион аҳолидан 5,59 миллион киши овоз берди.
Сайловда рекорд қайд этилди
Мамлакат сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз варақаларининг 98,9 фоизи санаб чиқилгандан сўнг Петер Мадьярнинг “Tisza” партияси Виктор Орбаннинг “Фидес” партиясидан сезиларли даражада устунликка эга бўлди. “Tisza” 199 ўриндан 138 тасини олади. Бу кўрсаткич конституциявий кўпчилик учун етарли. Иккинчи ўринда турган “Фидес” 55 ўринга эга бўлиши кутиляпти.
Оғир, лекин тан олди
Натижа эълон қилингандан кейин Венгрия Бош вазири Виктор Орбан омма олдида мағлубиятини тан олди.
– Сайлов натижаси оғриқли, аммо аниқ, – деди Орбан тарафдорлари олдида чиқиш қиларкан. Мен ғалаба қозонган партияни табрикладим. Бу ҳолат мамлакатимиз ва миллатимиз тақдири учун нимани англатишини ҳали билмаймиз, буни вақт кўрсатади. Биз эса мухолифат сифатида юртимизга хизмат қилишни давом эттирамиз.
Ғолиб – “Tisza” партияси етакчиси Мадьяр Орбан ўзини телефон орқали ғалаба билан табриклаганини эътироф этди.
Айниқса Брюссель хурсанд
– Виктор Орбаннинг сайловдаги мағлубиятидан Брюссель енгил тортди, – деб ёзган CNN. – Европа расмийлари янги ҳукумат Европага мойилроқ ёндашувни танлашидан умидвор.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам мавзуга муносабат билдирди:
– Венгрия Европани танлади. Европа ҳар доим Венгрияни танлаган. Биргаликда биз кучлироқмиз. Мамлакат ўз йўлини қайтариб олмоқда. ЕИ тобора кучаймоқда. Европа Парламенти раиси Роберта Метсола ҳам “Венгрия Европа марказида ўз ўрнини эгалламоқда” дея қўшимча қилди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон бу ғалаба “венгр халқининг Европа Иттифоқи қадриятларига, мамлакатнинг эса қитъадаги ўрнига содиқлигини намойиш этиши”ни таъкидлади, Германия Канцлери Фридрих Мерц эса “кучли, хавфсиз ва умумий Европа” учун бирлашиш кераклигини таъкидлади. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер сайловни “нафақат Венгрия, балки Европа демократияси учун ҳам тарихий воқеа” деди. Польша Бош вазири Дональд Туск якшанба воқеаси бўйича қисқа баёнот берди: Венгрия. Польша. Европа. Яна бирга!
Мадьяр эса Бош вазир сифатидаги биринчи хорижий сафарини айнан Польшага амалга оширишини эълон қилди.
Украинага ажратилган 90 миллиард евро масаласи энди ҳал бўладими?
Евроиттифоқ мамлакатлари сайловда ғалаба қозонган “Tisza” партияси етакчиси Петер Мадьярдан ЕИ Киевга ажратган 90 миллиард евролик кредит рад этилиши бас қилиниши, Россияга қарши санкциянинг кейинги босқичига вето қўйилмаслигини кутяпти, деб ёзди “Financial Times” нашри Иттифоқ мамлакатларидан икки дипломатга таяниб.
Киев ҳам енгил нафас олганга ўхшайди
Украина Орбан мағлубиятга учрагани маълум қилингандан кейин ўз фуқароларига Венгрияга саёҳат қилмаслик бўйича тавсиясини бекор қилди.
– Ташқи ишлар вазирлиги сайлов тугагандан сўнг Венгрияга саёҳат қилмай туриш бўйича берилган маслаҳатни бекор қилади, – деди маҳкама раҳбари Сибига ижтимоий тармоқ орқали. – Сайлов жараёни Украинага қарши “манипуляцияга тўла” бўлган. Энди бундай муносабат долзарб эмас. Яъни, чекловга сабаб бўлган иғво хавфи камайди.
Мулозим Украина Венгрия билан муносабатни яхшилашга тайёрлигини ҳам таъкидлаган.
Россия билан муносабатчи?
Венгриянинг янги раҳбарияти Россия билан музокара олиб борилиши, чунки мамлакатнинг жойлашуви ўзгармаслиги ва Будапешт Россия энергия захирасига таянишда давом этишини эслатди.
– Лозим бўлса, музокара олиб борамиз, лекин дўст бўлмаймиз, – дея қўшимча қилди сиёсатчи.
Қўшнилар билан муносабатни яхшилаш Венгрия учун ҳам устувор масала
Ўз навбатида Петер Мадьяр хорижий журналистлар учун ташкил қилинган матбуот анжуманида қўшни давлатлар, жумладан Украина билан муносабатни яхшилаш ниятидалигини билдирди:
– Атрофдаги давлатлар билан яхши муносабатни сақлаб қолиш ва очиқ низоларни ҳал қилиш бизнинг асосий манфаатимизга мос. Бу гап Украина, Словакия ҳамда Сербияга ҳам тегишли. Австрия билан ҳам, гарчи Украина ёки Словакия каби нозик бўлмаса-да, ҳамон очиқ қолаётган масалалар борлигига аминман. Биз барча қўшни давлатлар билан муносабатни яхшилашга интиламиз.
Орбан яна қайтадими?
Шу тариқа мамлакатни 16 йилдан буён бошқариб келган, Евроиттифоқнинг Россияга қарши сиёсатини доим танқид остига олган, Кремлга хайрихоҳ, негадир Украинани хуш кўрмайдиган Виктор Орбан даври ортда қолаётгандек. Тарқатилган сўнгги хабарларга кўра, янги Бош вазир Петер Мадьяр Венгрия конституциясига ўзгариш киритиши, ҳукумат етакчиси ваколати муддатини икки мандат – саккиз йилгача чеклаш режасини эълон қилган. Сиёсатчи таъкидлашича, бу қадам бир шахс ҳокимиятни узоқ вақт эгаллаб туришининг олдини олишга қаратилади. Агар шундай қарор қабул қилинса, собиқ Бош вазир Орбан ҳеч қачон давлатни бошқара олмайди.
С.Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси