Венесуэлада 68 минг киши қидирилмоқда
Венесуэлада минглаб одам телефон қўнғироғи ёки бир оғиз хабар кутиб яшамоқда. Мамлакатда ўтган ҳафта ўртасида содир бўлган кучли зилзиладан кейин 68 000 га яқин киши ҳамон бедарак. Қутқарувчилар вақт ўтиб бораётганига қарамай, вайрона орасида тирик қолганларни излашда давом этяпти.
7,2 ва 7,5 магнитудали ер силкиниши юзлаб бинони вайрон қилди. Расмий маълумотга кўра, камида 1430 киши ҳалок бўлган, 3000 дан кўп одам жароҳат олган. Ижтимоий тармоқда тарқалаётган тасвирларда қутқарувчилар бетон бўлаклари орасидан тирик қолганларни олиб чиқаётгани акс этган.
Қидирув жараёнига 30 000 дан зиёд венесуэлалик мутахассис жалб қилинган. Уларга хориждан келган юзлаб қутқарувчи ва махсус кинологик гуруҳлар ёрдам бермоқда. Президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес 24 давлат мамлакатга инсонпарварлик ёрдами юборганини эътироф этди.

Мутахассислар зилзиладан кейинги дастлабки уч кун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Бу вақт аллақачон ўтиб бўлган. Шунга қарамай, вайрона олдида кутаётганлар умидини йўқотгани йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобича, офатнинг иқтисодий зарари 6,7 миллиард долларга етган.
Мусулмон Зиё, ЎзА