“Вазир ва ёшлар учрашуви”да АҚШлик олимлар билан мулоқот қилинди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилган “Вазир ва ёшлар учрашуви”да спорт вазири Адҳам Икромов айни кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган АҚШлик жисмоний машқлар физиологияси йўналишидаги етакчи олимлар Браян Хантс ва Скотт Уорд билан мулоқот қилди.
Мулоқот давомида хорижлик олимлар билан юқори малакали спортчиларнинг тикланиш жараёнларини оптималлаштириш, чидамлиликни ошириш усулларини тадқиқ этиш, юракнинг жисмоний юкламаларга мослашувининг асосий кўрсаткичлари, юртимизда физиотерапия соҳасини янада ривожлантириш, АҚШ илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

“Вазир ва ёшлар учрашуви”да эса ёшларнинг таклифлари, режалари, илмий ишланмалар, спорт ҳамда бошқа ижтимоий масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди.
Ватанимиз келажаги бўлган баркамол авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, қизиқиш ва интилишларини рағбатлантириш, жамият ҳаётида фаол иштирок этишига кўмаклашиш борасида фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Мулоқотлар давомида спорт вазири А.Икромов университетда илмий ишланмалар ва инновацион технологияларни соҳага қўллаш борасидаги ишлар, талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Хусусан, олий таълим даргоҳида ташкил этилган бепул турк ва корейс тили марказлари, тикувчилик йўналишида тўгараклар фаолияти кўздан кечирилди.

Ўз навбатида, талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган мавзулар ҳамда спорт соҳасини ривожлантириш, яратилаётган имкониятлар ва келгусидаги режалар хусусида гапириб берди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни спорт ва соғлом турмуш тарзига янада кенг жалб этиш масалаларига бағишланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА