UWW “ЛА-2028” Олимпия ўйинлари учун саралаш тақвимини эълон қилди
Бутунжаҳон кураш иттифоқи (United World Wrestling) томонидан “Los Angeles – 2028” Олимпия ўйинлари учун спорт курашлари бўйича саралаш мусобақалари тақвимининг эълон қилди.
Мазкур тақвимга кўра, 2027 йил рейтинг очколарини жамғаришнинг асосий босқичи сифатида белгиланган. Ушбу давр 15–21 февраль кунлари ўтадиган биринчи рейтинг турнири билан старт олади. Кейинги босқичда 30 март – 4 апрелда Осиё, 5–11 апрель кунлари Европа, 12–18 апрель санасида Африка, 23–25 апрель кунида Океания ҳамда 28 апрель – 2 майда Пан-Америка чемпионатлари ташкил этилади.

Рейтинг очколари учун кураш 31 май – 6 июнь кунлари иккинчи, 19–25 июль кунлари эса учинчи рейтинг турнирлари орқали давом эттирилади. Йилнинг энг муҳим мусобақаси сифатида 11–19 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу старт Олимпия лицензиялари тақсимоти ҳамда спортчиларнинг жаҳон рейтингидаги ўрнини белгилашда ҳал қилувчи омил бўлади.
2028 йил бошида эса рейтинг очколари жамғаришнинг якуни босқичи ўтказилади. Хусусан, 17–23 январь кунлари якуний рейтинг турнири бўлиб ўтади. Шундан сўнг 18–20 февраль Океания, 24–27 февраль Пан-Америка, 28 февраль – 5 март Европа, 6–12 март Осиё ҳамда 14–19 март кунлари Африка чемпионатлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу мусобақалар Олимпиада олдидан спортчиларнинг тайёргарлик даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Бевосита Олимпия ўйинларига саралаш мусобақалари 2028 йил март–май ойларида ўтказилади. Жумладан, 24–26 март Африка ва Океания, 31 март – 2 апрель Пан-Америка, 7–9 апрель Европа ҳамда 14–16 апрель Осиё саралаш турнирлари бўлиб ўтади. Ушбу босқичда ҳар бир қитъа вакиллари Олимпия йўлланмалари учун кураш олиб боради.
Олимпия лицензиялари учун сўнгги имконият сифатида 18–21 май кунлари жаҳон саралаш турнири ташкил этилади. Унда аввалги босқичларда йўлланмага эга бўлмаган спортчилар сўнгги имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилади.

Маълумот учун, ушбу саналарда ўтадиган мусобақа мезбонлари бир неча муддатдан сўнг аниқланади.
Эслатиб ўтамзи, XXXIV ёзги Олимпия ўйинлари 14-30 июль кунлари Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА