V “Устозлар миллий форуми”нинг якуний тадбири бўлиб ўтди
Пойтахтимизда “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида V “Устозлар миллий форуми”нинг ёпилиш ва тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул ходимлари, вазир ўринбосарлари, устозлар ҳамда вазирлик марказий аппарати вакиллари иштирок этди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова соҳада амалга оширилаётган ишлар, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни ҳамда келгуси режалар ҳақида маълумот берди.

Соҳадаги ислоҳотлар доирасида мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини тўлақонли жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий муаллифлар яратган замонавий дарсликларни амалиётга киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, жамиятда ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай ижтимоий шароитлар яратиш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, мактабларнинг илғор директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш, мактабларда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прогнозлаш механизмларини йўлга қўйишга оид амалий ишлар таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Маъмурий ислоҳотлар натижасида мактабгача, халқ ва ихтисослашган таълим тизимлари ягона мактабгача ва мактаб таълими тизимига бирлаштирилди. Ҳозирги кунда тизимда 10 мингдан ортиқ мактаб ва 38 мингдан ортиқ боғчада 8,5 миллионга яқин тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 700 минг нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.

Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.
Ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилди. Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммоларни ҳал этиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши сезиларли даражада ортди.

208 та мактабнинг юқори синф ўқувчиларига учта йўналиш бўйича касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Чет тилини билиш сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари сони сўнгги икки йилда 6 минг нафардан 18 минг нафарга етди.
Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи миқдори оширилди. Жумладан, чет тили, ахборот технологиялари, математика, кимё ва биология фанлари бўйича миллий ва халқаро сертификатга эга ўқитувчиларга устама тўловлар, чекка ҳудудларга бориб ишлаган муаллимларга эса алоҳида тўлов жорий этилди. Мактаблардаги ўқув юкламасини камайтириш мақсадида янги ўқувчи ўринлари яратилди.

Тадбир давомида соҳада узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган бир гуруҳ устозлар “Халқ таълими аълочиси” ва “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Икки кун давом этган форумда ҳудудлардан 300 нафардан ортиқ илғор, ташаббускор ва етакчи ўқитувчи ҳамда тарбиячилар иштирок этди.
Форумнинг давоми каскад усулида 17-18 август кунлари вилоят миқёсида, 20-21 август кунлари туман ва шаҳарларда шўба йиғилишлари кўринишида, 24-29 август кунлари эса барча таълим муассасаларида педагогик кенгашлар шаклида ташкил этилиши режалаштирилган.
Назокат Усмонова, ЎзА