Тезкорлик, аниқлик ва узлуксизлик энг асосий талабларга айланмоқда
Бухорода транспорт-логистика соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган амалий учрашувда халқаро юк ташувларини янада жадаллаштириш, транзит йўлакларидан самарали фойдаланиш, ташувчилар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги жараёнларни рақамлаштириш ва оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун жаҳон иқтисодиётида юкнинг қанча ишлаб чиқарилгани билан бир қаторда, унинг манзилга қанчалик тез, хавфсиз ва самарали етказиб берилиши ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, замонавий логистика — оддий ташув эмас, балки савдо, инвестиция, экспорт ва импорт жараёнларини бир-бирига боғлаб турувчи муҳим иқтисодий механизмдир.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик жойлашуви эса мамлакатимизга халқаро транспорт йўлакларида муҳим ўрин эгаллаш имконини бермоқда. Бу жараёнда Бухоро вилоятининг географик ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Бухоро вилояти божхона бошқармасида вилоят транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда транспорт-логистика соҳаси вакиллари, божхона омборлари ҳамда транспорт соҳаси масъуллари иштирокида ўтказилган амалий учрашувда айнан шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ташқи савдо ва халқаро юк ташувлари ҳажмининг жадал ортиб бораётгани транспорт-логистика тизими олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Бу ўсишни рақамлар ҳам яққол кўрсатади. 2021–2025 йилларда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган транспорт воситалари сони 2,5 миллионтадан 5,5 миллионтага етган. Экспорт-импорт юклари ҳажми эса 5 миллион тоннадан 11 миллион тоннагача ошган.
Бу — шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Бу мамлакат иқтисодиётида ташқи савдо алоқалари кенгайиб, Ўзбекистон орқали ўтаётган товар оқимлари тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

Учрашувда “Хитой — Қозоғистон — Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон” йўналишида транзит юк ташувлари ҳажми ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Бундай йўналишларнинг кенгайиши мамлакатимизнинг минтақавий транспорт-логистика маркази сифатидаги аҳамиятини янада оширади. Бироқ юк оқимининг кўпайиши тизим олдига янги талабларни ҳам қўймоқда. Айниқса, бўш юк автомобиллари тақчиллиги, божхона омборларида транзит юкларнинг кўпайиши, айрим давлатларда жорий этилаётган янги тартиблар сабаб ташув харажатларининг ортиши каби масалалар соҳа вакилларининг кун тартибидаги долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярмида Туркманистондан Ўзбекистонга 15 104 та юк автотранспорти кириб келган бўлса, июль ойида ушбу кўрсаткич 1 990 тани ташкил этган. Бу рақамлар халқаро ташувлар жараёнида ҳар бир янги тартиб, ҳар бир чегара ва логистикадаги ўзгариш бутун занжирга таъсир кўрсатишини англатади.

Учрашувнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда мавжуд муаммолар шунчаки санаб ўтилмасдан, уларнинг амалий ечимлари муҳокама қилинди. Жумладан, транзит юкларнинг белгиланган муддатларда манзил божхона постларига етиб бормаслиги билан боғлиқ ҳолатлар атрофлича ўрганилди. Юкларнинг ҳаракатида кечикишларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш, ташув жараёнларини самарали ташкил қилиш, белгиланган муддатларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ва назорат механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Соҳадаги ҳар бир кечикиш — фақат вақт йўқотиш эмас. У тадбиркор учун қўшимча харажат, экспортёр учун янги мажбурият, логистика компанияси учун эса қўшимча таваккалчиликдир. Шу боис бугун транспорт-логистика тизимида тезкорлик, аниқлик ва узлуксизлик энг асосий талабларга айланмоқда.

Учрашув якунида соҳа вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, юк ташиш самарадорлигини ошириш ва транспорт-логистика жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Зеро, замонавий логистикада вақт — бу иқтисодий қиймат. Манзилга ўз вақтида етган юк — тадбиркор учун ишонч, ишлаб чиқарувчи учун барқарорлик, истеъмолчи учун эса кафолатдир.
Бугун Ўзбекистоннинг халқаро транспорт йўлакларидаги роли тобора ортиб бораётган бир шароитда Бухорода ўтказилаётган бундай амалий мулоқотлар соҳадаги муаммоларни жойида муҳокама қилиш, ташувчиларнинг муаммоларини эшитиш ва аниқ ечимларни белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, йўллар қанчалик тез ва равон бўлса, бу нарса иқтисодиётда ҳам шунчалик акс этади. Бугунги логистикадаги ҳар бир самарали ечим эса эртанги экспорт, янги бозор ва янги иқтисодий имкониятларга олиб борадиган муҳим қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири