Устозликнинг муҳим шарти — тинимсиз изланиш
ФОТОРЕПОРТАЖ
Таълим сифати ва самарадорлиги, аввало, ўз касбига садоқатли, янгиликка интилувчан ва ҳар бир ўқувчининг салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган педагогларга боғлиқ. Бухоро шаҳридаги 29-умумтаълим мактабининг олий тоифали инглиз тили фани ўқитувчиси Шоҳида Сирожова ана шундай фидойи ва изланувчан устозлардан.
Унинг кўп йиллик педагогик фаолияти замонавий таълим усулларини амалиётга жорий этиш, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Устоз шогирдлари билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ва халқаро танловларда муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, «National Spelling Bee», «Hippo ва Writing World Cup» каби халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган.
Шоҳида Сирожова мактаб жамоасининг умумий ютуқларига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Унинг раҳбарлигидаги жамоа Президент соврини учун ўтказиладиган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг шаҳар босқичларида бир неча бор совринли ўринларни эгаллаган.
Касбий маҳоратни мунтазам оширишни устозлик фаолиятининг муҳим шарти деб биладиган педагог C1 даражадаги APTIS for Teachers ҳамда TKT халқаро сертификатларига эга. Шунингдек, халқаро малака ошириш дастурлари ва илмий-амалий конференцияларда иштирок этиб, илғор тажрибаларни ўзлаштириб келмоқда.
Унинг педагогика ва хорижий тилларни ўқитиш методикасига оид илмий мақолалари халқаро нашрларда чоп этилган. Бу эса Ш. Сирожованинг амалий тажрибасини илмий изланишлар билан уйғунлаштириб бораётганидан далолат беради.
[gallery-31733]
2025 йилда School-based CPD Champion сифатида эътироф этилган устоз педагогларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашиш ва замонавий ўқитиш усулларини оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жорий йилда эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ишонч» лойиҳаси ғолиби бўлди. Ушбу эътироф педагогнинг таълим сифатини ошириш, янги ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги изланишларига берилган баҳодир.
Шоҳида Сирожованинг фаолияти замонавий билим, касбий маҳорат ва доимий изланиш уйғунлиги ўқувчиларнинг ютуқларида муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Унинг тажрибаси ёш авлодга сифатли таълим бериш ва уларнинг келгуси мақсадларига эришишида кўмаклашиш йўлидаги устозлик масъулиятининг ёрқин намунасидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА