Адлия вазирлигида матбуот анжумани ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Адлия вазири Э.Турсуновнинг таъкидлаганидек, асосий вазифалардан бири ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, норма ижодкорлиги ишларини мувофиқлаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдир.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахслардан вазирлик, шаҳар ва туман адлия бўлимларига жами 3 минг 787 та мурожаат келиб тушди. Шундан 2 минг 469 та мурожаат қаноатлантирилиб, мурожаатчилар ҳуқуқи тикланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали жами 396 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 229 таси ижобий ҳал этилган. Шунингдек, вазирлик раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан шахсий ҳамда ҳудудларга чиққан ҳолда сайёр қабуллар тасдиқланган режага асосан ташкил этилмоқда. Жумладан, ўтказилган қабуллар натижасида жисмоний ва юридик шахслардан 1 минг 641 та мурожаат қабул қилиниб, 1 минг 249 таси ижобий ҳал этилди. Судларга 647 та даъво ариза киритилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Вазирликка келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда уларнинг аксарияти меҳнат, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, давлат хизматлари кўрсатиш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳалари билан боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, "ijro.gov.uz" тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда ҳудудлардаги давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган топшириқлар ижроси ҳар ойда таҳлилдан ўтказилиб, натижаси бўйича тегишли чоралар кўриш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига киритилмоқда. Бунинг натижасида, 9 ой давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 15 минг 329 та ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Ушбу қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш бўйича 743 та тавсия, 96 та эслатма киритилди. Шунинг натижасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг манфаатини кўзлаб 1 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағи тўлаб берилди.
577 та давлат органи ва ташкилотида ўрганишлар ўтказилди. Таъсир чоралари натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор ҳамда масъул ходимларидан 450 нафар шахс маъмурий, 112 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ижросини назорат қилиш соҳасида 2026 йил 9 ойи давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 258 та ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича 6 та тавсия, 54 та огоҳлантириш киритилди. Давлат органлари ва ташкилотларида 412 та мониторинг ўтказилди. Мансабдор ва масъул ходимлардан 3 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.
Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасида ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 67 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, 237 та адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилди. Жорий йил давомида 32 нафар адвокат ўз фаолиятини бошлади.
Шаҳар ва туман адлия бўлимлари таркибида 17 та юридик хизмат маркази ташкил этилди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида юридик хизмат кўрсатиш марказларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 530 минг 897 та ҳужжат лойиҳаси келиб тушди. Шундан 522 минг 191 та ҳужжатга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича ижобий хулосалар берилган бўлса, 1 минг 105 та ҳужжатга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги учун салбий хулоса берилди ҳамда 7 минг 610 та ҳужжатда хато-камчиликлар мавжудлиги сабабли қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилди.
Бугунги кунда 630 та нодавлат нотижорат ташкилоти, шунингдек, 67 та диний ташкилот ҳамда 16 та ҳакамлик суди фаолият кўрсатиб келмоқда. Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар билан боғлиқ барча давлат хизматларини кўрсатиш e-ngo.uz сайти орқали тўлиқ амалга оширилмоқда.
Давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан ҳисобот даврида 5 минг 11 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида давлат органлари фаолиятида 22 та мониторинг ва ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида 26 та тақдимнома киритилди. 253 нафар мансабдор шахс ва масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.
Республикада 17 та давлат хизматлари маркази ҳамда уларнинг олис ҳудудларда жойлашган 8 та филиали томонидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Мазкур марказлар барча туман ва Нукус шаҳрида янгидан қурилган замонавий ҳамда барча қулай шароитга эга бино билан таъминланди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан 780 мингдан ортиқ давлат хизмати, шунингдек 1 миллион 329 мингдан ортиқ хизмат онлайн тартибда кўрсатилди. 12 минг 759 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. ФҲДЁ органлари томонидан 43 минг 556 та далолатнома ёзуви қайд этилди.
Ҳар бир қилинган иш ортида инсон ва жамият манфаати турганини чуқур англаган ҳолда соҳа ходимлари томонидан жамиятда қонунийликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
[gallery-32269]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА