Устозларга эҳтиром — ёшларга ибрат
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ" деган ҳикмат бор. Бу ибора замирида инсон камолоти, касбий маҳорати ва ҳаётда ўз ўрнини топишида устознинг ўрни беқиёс экани мужассам. Зеро, устоз фақат билим берувчи эмас, балки шогирдга касб сирларини ўргатадиган, унинг қадамларини тўғри йўналтирадиган, мураккаб вазиятларда тажрибаси билан йўл кўрсатадиган маънавий таянчдир.
Айниқса, муайян соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ўз касбига садоқат билан хизмат қилган фахрийларнинг ҳаётий ва касбий тажрибаси ёш авлод учун тайёр дарсликка тенг. Уларнинг босиб ўтган йўли, меҳнат жараёнида дуч келган синовлари ва орттирган сабоқлари кейинги авлод вакиллари учун муҳим йўлланма бўлиб хизмат қилади.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” ҳам ана шу эзгу қадриятларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли бўлди.
Учрашувда адлия органларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган соҳа фахрийлари, бугунги авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди. Турли давр вакилларининг бир даврада жам бўлиши оддий мулоқотдан кўра кенгроқ мазмун касб этиб, авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик, касбий ворислик ва тажриба алмашинуви учун ўзига хос мулоқот майдонига айланди.

Фахрийларнинг хотиралари орқали ёшлар адлия тизимининг кечаги куни, унинг бугунги тараққиёт босқичлари ва соҳада меҳнат қилган инсонларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Айниқса, йиллар давомида шаклланган касбий тажриба, ишга масъулият билан ёндашиш, инсонлар билан мулоқот қилиш маданияти ва мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш каби кўникмалар ҳақидаги фикрлар ёшлар учун муҳим ҳаётий сабоқ бўлди.
Зеро, ҳуқуқ соҳасидаги билимни китоб ва дарсликлар орқали эгаллаш мумкин. Аммо, касбнинг нозик жиҳатлари, инсон тақдири билан боғлиқ масъулиятни ҳис этиш, қонун талабларини амалиёт билан уйғунлаштириш, ҳар қандай вазиятда холислик ва адолат тамойилларига содиқ қолиш каби фазилатлар кўп жиҳатдан ҳаётий тажриба орқали шаклланади.

Мулоқотларда касбга садоқат, масъулият, ҳалоллик ва қонун устуворлиги тамойилларига амал қилишнинг аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Чунки адлия соҳасида фаолият юритадиган мутахассисдан юксак ҳуқуқий билим билан бир қаторда адолатпарварлик, холислик, принципиаллик ва инсон тақдирига масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Фахрийлар ёшларга касб танлаш ва уни эгаллаш жараёнида билим билан бир қаторда меҳнатсеварлик, интизом ва доимий изланиш муҳим эканини таъкидладилар. Улар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, ёш мутахассисларни қонунчиликдаги ўзгаришларни мунтазам ўрганиш, замонавий билимларни эгаллаш ва танлаган касбига садоқат билан хизмат қилишга чақирдилар.
Тадбир давомида соҳа фахрийларига Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан самимий миннатдорлик билдирилди. Уларнинг адлия тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик меҳнати ва ёш авлод тарбиясидаги ўрни алоҳида эътироф этилди.
Фахрийларга эсдалик совғалари топширилиши эса уларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди. Шунингдек, адлия тизимида ўзининг ташаббускорлиги, фаоллиги ва намунавий меҳнати билан ажралиб турган ёшлар ҳам фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Бу орқали тадбирда нафақат устозларга эҳтиром кўрсатиш, балки уларнинг муносиб издошлари бўлган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатига муносиб баҳо беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун адлия тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар учун катта авлод вакилларининг ҳаётий ва касбий тажрибаси муҳим мактабдир. Зеро, бугунги ёш мутахассис эртага ўзидан кейинги авлодга тажриба ўргатадиган устозга айланади. Ана шу узвийлик касбий ворисликни таъминлаб, соҳада шаклланган эзгу анъаналарнинг давомийлигини кафолатлайди.
А.Мусаев,ЎзА