Устозлар майдонда мусобақалашди
Гулистон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида таълим тизими ходимлари ўртасида “Соғлом танда — сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмалари кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мусобақада туман ва шаҳар босқичларида сараланган 360 нафардан ортиқ устозлар иштирок этди. Бу рақам ортида фақат иштирок эмас, балки устозларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган муносабати, жамоавий руҳ ва ғалабага интилиш каби фазилатлар мужассам.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов бу каби тадбирлар таълим соҳаси ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Беллашувлар стол тенниси, шахмат, шашка, волейбол ва мини футбол спорт турлари бўйича юқори савияда, қизғин ва муросасиз руҳда ўтди. Барча баҳсларда иштирокчиларнинг фаоллиги ва ғалабага интилиши яққол намоён бўлди.
Шахмат бўйича аёллар ўртасида ўтказилган мусобақада Боёвут тумани 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Севара Очилова ғолибликни қўлга киритди. Эркаклар ўртасидаги беллашувда эса Гулистон шаҳри Президент мактаби ўқитувчиси Элдор Жумаев барча рақибларини мағлуб этиб, 1-ўринни эгаллади.
– Бу мусобақа мен учун нафақат рақобат, балки катта тажриба мактаби бўлди. Ҳар бир партия жиддий тайёргарлик ва сабрни талаб қилди. Қолаверса, бу ерда фақат ғалаба учун эмас, балки ҳамкасблар билан мулоқот қилиш, фикр алмашиш имконияти ҳам катта аҳамиятга эга. Шахмат инсонни нафақат фикрлашга, балки тўғри қарор қабул қилишга ўргатади. Шу боис бундай мусобақаларни янада кенгайтириш тарафдориман, – деди Элдор Жумаев.
Якуний натижаларга кўра, стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида Боёвут тумани 33-мактаб ўқитувчиси Мардон Авазов, аёллар ўртасида Сирдарё тумани 42-мактаб ўқитувчиси Зуҳра Маҳкамова биринчи ўринни эгаллади.
Шашка мусобақасида эркаклар ўртасида Сайхунобод тумани 35-мактаб ўқитувчиси Салоҳиддин Равшанов, аёллар ўртасида эса Мунира Нуралиева ғолиб деб топилди.
[gallery-29277]
Жамоавий спорт турларида аёллар ўртасидаги волейбол баҳсларида Ширин шаҳри 2-мактаб жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Эркаклар ўртасида эса Мирзаобод тумани 16-мактаб жамоаси тенгсиз эканини намоён этди. Мини футбол мусобақасида Гулистон шаҳар 1-мактаб жамоаси барча рақибларини мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида учинчи ўрин Ховос туманига, иккинчи ўрин Гулистон шаҳар жамоасига насиб этди. Энг юқори натижани қайд этган Боёвут тумани устозлари мусобақа ғолиби сифатида “Касаба уюшмалари кубоги”ни қўлга киритиб, 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мусобақа вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритаётган устозлар учун нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган муҳим беллашув, балки уларга катта куч ва рағбат берган тадбир бўлди. Аҳамиятли жиҳати, мусобақада иштирок этган ҳар бир ўқитувчи шижоат кўрсатиб, ғалаба учун астойдил курашди, – деди мусобақа якунида Спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ниёз Қосимов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА