Университетда спорт фестивали
Бугунги кунда ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада таълим муассасаларида спорт ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар эса алоҳида аҳамият касб этмоқда. Навоий давлат университетида ташкил этилган спорт фестивали ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим ташаббус бўлди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда спортга бўлган қизиқишини кучайтириш мақсадида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қурбонбоев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев, университет ректори Муҳиддин Калонов ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Фестиваль доирасида спортнинг ўнга яқин тури бўйича мусобақалар ташкил қилиниб, иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва жамоавий ҳамкорлик кўникмаларини намоён этди.

– Бугун ахборот технологиялари жадал ривожланаётган, виртуал ҳаёт тарзи кенгайиб бораётган бир шароитда ёшларни спортга жалб этиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди университет ректори Муҳиддин Калонов. – Чунки жисмоний фаоллик инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, ирода, интизом ва масъулият каби муҳим фазилатларни ҳам шакллантиради. Шу маънода, бундай фестиваллар ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида меҳмонлар университетнинг “Умид қўрғони” ҳудудида жойлашган факультетлар, олимпиада майдонида яратилган шарт-шароитлар ҳамда Ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Учрашувлар давомида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Навоий давлат университетида ўтказилган спорт фестивали ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бундай тадбирлар ёшларнинг жамиятда фаол, интизомли ва мақсадли инсонлар бўлиб камол топишига хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири