Урганчда “Буюк мутафаккирлар хиёбони” ташкил этилди (+видео)
Асрлар оша илму маърифатга чорлаб келаётган буюк аждодларимиз - миллатимиз фахри, маънавиятимиз таянчи ва жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломалардир. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш ҳамда бой илмий-маънавий меросини ёш авлодга етказиш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ҳудудида “Буюк мутафаккирлар хиёбони” ташкил этилди.
Хиёбонда жаҳон илм-фани, адабиёти ва тамаддунига мислсиз ҳисса қўшган 18 нафар буюк сиймонинг ҳайкаллари қад ростлаган.
– Хиёбонга кираверишда сизни жадид боболаримиз Абдулла Авлоний, Усмон Носир, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Қодирий кутиб олади, – дейди университетнинг биринчи проректори Шерали Аллаберганов. – Хиёбонда Хоразм адабий муҳитининг йирик вакиллари, Муҳаммад Раҳимхон II – Феруз, Муҳаммадризо Огаҳий, Паҳлавон Маҳмуд, тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси, Кубровий тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро сиймолари ўрин олган. Шунингдек, илм ва адабиёт ривожига муносиб ҳисса қўшган аёллар Марям Султонмуродова, Жаҳон отин Увайсий сиймоларига ҳам жой ажратилган. Бу буюк сиймоларнинг ҳар бири ўз даврининг овози, миллат тафаккурининг ёрқин ифодаси ва бугунги авлод учун ибрат мактабидир.
Хиёбонда туркий адабиётнинг буюк намояндаси, мутафаккир, давлат арбоби ва улуғ шоир Алишер Навоий, буюк астроном, математик ва давлат арбоби, осмон жисмларини ўрганиш бўйича жаҳон илм-фанида муҳим из қолдирган аждодимиз Мирзо Улуғбек, Хоразм заминидан етишиб чиққан буюк тилшунос аллома, араб тили грамматикаси асосчиси Маҳмуд Замахшарий, Хоразм илмий муҳитининг етук вакилларидан бири, математик ва астроном Абу Наср Мансур ибн Ироқ, Шарқ фалсафасининг буюк намояндаси, қомусий олим, Мантиқ, фалсафа ҳақидаги қарашлари билан жаҳон тафаккури ривожига катта ҳисса қўшган Абу Наср Форобий ҳамда жаҳон тиббиёти ва фалсафаси тарихидаги энг буюк алломалардан бири, “Тиб қонунлари” асари муаллифи Абу Али ибн Сино ҳайкаллари ҳам ўрнатилган.
Хиёбоннинг марказида эса икки буюк сиймо – алгебра фанининг шаклланиши ва ривожига улкан ҳисса қўшган математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмий ва астрономия, математика, география, тарих ва бошқа кўплаб фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган қомусий олим Абу Райҳон Беруний ҳайкаллари қад ростлаган.
– Ушбу икки буюк алломанинг хиёбон марказида жойлашгани бежиз эмас, – дейди университетнинг биринчи проректори Шерали Аллаберганов. – Зеро, илмга эҳтиром ва аждодлар меросига садоқат университетнинг маънавий қиёфасини белгиловчи муҳим қадриятлардандир. Хиёбоннинг яна бир муҳим жиҳати, у нафақат тарихий сиймолар билан танишиш, балки мазмунли ҳордиқ чиқариш ва мутолаа қилиш учун ҳам қулай муҳит яратади.
[gallery-32313]
Дарҳақиқат, мазкур сўлим масканда талабалар учун китоб мутолаа қилиш, ўзаро фикр алмашиш ва маданий ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган шинам айвончалар ҳам ташкил этилган.
“Буюк мутафаккирлар хиёбони” ўтмиш билан бугунни, аждодлар тафаккури билан ёшлар орзу интилишларини боғловчи маънавий кўприк, десак муболаға бўлмайди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари