Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш — иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
Бугун ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳар бир амалга оширилган инвестиция лойиҳаси нафақат янги корхона ёки ишлаб чиқариш объекти, балки янги иш ўринлари, оилалар даромади ва ҳудуд иқтисодиёти учун қўшимча имкониятлар демакдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, инвестицияларни фаол жалб этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида илгари сурилаётган ташаббуслар ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг амалий натижаси эса, энг аввало, жойларда яратилаётган янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва аҳоли бандлигининг таъминланишида намоён бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Эмма Аслонова ва Нуриддин Жабборов, Савдони ривожлантириш компанияси бошқарма бошлиғи Ойбек Сайдаҳмедов ҳамда Бухоро вилояти Кенгаши аппарати раҳбари Бобомурод Очилов иштирокида вилоятда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ ишлаб чиқариш, таълим, мактабгача таълим ва тиббиёт йўналишларида фаолият юритаётган қатор корхона ва ташкилотларда бўлиб, уларнинг имкониятлари, мавжуд муаммолари ва истиқболдаги режалари билан танишди.
Жумладан, Бухоро шаҳридаги “ZARHAL GROUP” корхонасида умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси эътибор марказида бўлди. Лойиҳа доирасида 150 та янги иш ўрни яратиш, йилига 4 минг тонна ип-калава ва матони бўяш қувватига эга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу нафақат саноат салоҳиятини ошириш, балки маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қиймат яратиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.

Шунингдек, туманнинг Қавола Маҳмуд маҳалласидаги Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси шаклидаги “Rostexstroy” МЧЖ фаолияти ўрганилди. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада 30 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Европа технологиялари асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу эса корхонанинг нафақат ички бозордаги, балки ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ҳам кўрсатади.
“Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” лойиҳаси доирасида Бухоро туманидаги банк молиявий кўмагида фаолият юритаётган корхона имкониятлари ҳам кўздан кечирилди. Маълумотларга кўра, унинг йиллик айланмаси 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади, бу ерда 80 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Бундай корхоналар маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва янги экспорт йўналишларини ўзлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Когон шаҳридаги “Akbarjon baraka” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам истиқболли ташаббуслардан бири ҳисобланади. Корхона ҳудуди 5,2 гектарни ташкил этиб, ишлаб чиқариш бинолари майдони 3,7 гектардан иборат. Туркиядан келтирилган замонавий ускуналар тўлиқ ўрнатилган. Бу ерда буғдой сифатини қисқа муддатда таҳлил қилиш имконини берувчи лабораториянинг мавжудлиги эса ишлаб чиқаришда сифат назоратига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
“Инновацион қурилиш ва яшил архитектура” лойиҳаси доирасида “DEMIR GYPSUM” корхонаси фаолияти билан танишиш жараёнида ҳам замонавий технологияларни жорий этиш, энергия ва ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бугун қурилиш материаллари саноатида экологик ва энергия тежамкор ёндашувларни кенгайтириш нафақат иқтисодий самарадорлик, балки барқарор тараққиёт талабидир.

Ўрганишлар фақат саноат корхоналари билан чекланмади. Хусусан, “Registon Buxoro” хусусий мактабида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, замонавий таълим инфратузилмаси ва ўқув жараёни билан танишилди
Бухоро туманидаги “Oydinoy Kamal Jilosi” ва “Эшонов Аҳмад Софоевич” номли мактабгача таълим ташкилотларида эса давлат-хусусий шериклик асосидаги фаолият, мавжуд имкониятлар ва тадбиркорларни қийнаётган масалалар ўрганилди. Мазкур ташкилотларда тегишлича 120 ва 180 нафар болани қамраб олиш имконияти мавжуд бўлиб, жами 40 нафар тарбиячи меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, “Sunnat Dildora Zilol” хусусий клиникасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар, яратилган шароитлар ва муассаса фаолиятини янада ривожлантиришга доир таклифлар тингланди. Бу каби ўрганишлар ижтимоий соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, аҳоли учун сифатли хизматлар кўламини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Эътиборлиси шундаки, мазкур ташрифлар давомида фақат эришилган натижалар билан танишиш эмас, балки тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топишга ҳам устувор аҳамият қаратилди. Жумладан, “ZARHAL GROUP” лойиҳасини ўз вақтида амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, экспорт географиясини кенгайтириш, хусусий таълим ва тиббиёт муассасалари фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Аниқланган муаммолар бўйича амалдаги қонунчилик талаблари асосида тушунтиришлар берилиб, уларни ҳал этиш чоралари муҳокама қилинди.
Зеро, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фақат имтиёз ёки молиявий кўмак бериш билан чекланмайди. Бу — тадбиркорнинг муаммосини эшитиш, унинг ташаббусига тўсиқ бўлаётган масалаларни бартараф этиш, қонунчиликда белгиланган имкониятлардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш ҳамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири