Учта муҳим ташаббус давлат ижтимоий буюртмаси асосида қўллаб-қувватланди
Ҳар бир муаммо мулоқот орқали аниқланади. Шунинг учун ҳам жамоатчилик фикри бошқарувнинг барча бўғинларида муҳим саналади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши қарорига мувофиқ, аҳолининг турли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган учта ташаббусли лойиҳа давлат ижтимоий буюртмаси асосида молиялаштирилди.
1) “SОS” Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасига 204,6 миллион сўм давлат ижтимоий буюртмаси ажратилди. Лойиҳа доирасида тутинган (фостер) оилаларга ҳамроҳлик қилиш сифати оширилиб, болаларнинг фаровонлигини таъминлаш ва ижтимоий хизматлар тизимини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
2) Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказига 254,9 миллион сўм давлат ижтимоий буюртмаси ажратилди. Лойиҳанинг асосий мақсади — бошланғич синф сурдопедагоглари учун замонавий ўқув-методик дастурларни ишлаб чиқиш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва профессионал мулоқот кўникмаларини ривожлантириш.
3) “Умид кучи” ижтимоий марказига эса 488 миллион сўм давлат ижтимоий буюртмаси ажратилди. Лойиҳа Яккасарой ва Олмазор туманларида амалга оширилади. Унинг мақсади кекса ёшдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ва мустақил ҳаёт кечириш қобилиятини ошириш, шунингдек, Деменция, Альцгеймер, Паркинсон каби нейродегенератив касалликларнинг таъсирини профилактик машғулотлар орқали камайтиришдан иборат.
Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳалар ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда инклюзив ва самарали ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА