Учрашувда ёшлар бандлигига эътибор қаратилди
Навоий давлат университетида битирувчи талабалар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи 100 нафардан ортиқ университет битирувчилари қатнашди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган тадбирда битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув давомида ёшларнинг келгуси режалари, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши, касбга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва давлат томонидан яратилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, битирувчилар учун амал қилаётган имтиёзлар, молиявий кўмак воситалари ва бандликни таъминлашга қаратилган дастурлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ёшлар томонидан илгари сурилган таклиф ва мурожаатлар мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, педагогика, тадбиркорлик ҳамда ижтимоий соҳаларда фаолият юритиш истагини билдирган битирувчилар учун тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ташкил этилди. Бу орқали ёшларнинг мутахассислигига мос иш ўринларини танлаш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чоралар белгиланди.

Мулоқотлар натижасида битирувчиларнинг қарийб 30 нафари ўз касбий йўналишлари бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш имкониятини қўлга киритиб, тегишли корхона ва муассасалар билан меҳнат шартномаларини расмийлаштиришга эришди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири