Сувнинг ҳар томчиси қадрли
Йилдан йилга аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу эса сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати”АЖ тизимидаги корхоналарда ҳам сувни қайта ишлатиш, айланма сув таъминотини кенгайтириш, шахта ва кон сувларидан самарали фойдаланиш ҳамда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга катта аҳамият берилмоқда.
Биргина 2025 йилда комбинатнинг умумий сув истеъмолида қайта ишланган сувлар улуши 34 миллион кубометрни ташкил этди. Бу эса табиий сув ресурсларини тежаш ва экологик таъсирларни камайтириш борасида муҳим натижа ҳисобланади.
– Кейинги йилларда янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши туфайли комбинатнинг сувга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб бормоқда, – дейди “НКМК”АЖ Меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги ва экология департаменти бўлим бошлиғи Хайрулло Бақоев. – Жумладан, бугунги кунда 2- ва 7-гидрометаллургия заводларида айланма сув ҳажми 11 миллион кубометрни, Марказий кон бошқармасида очиқ ва ер ости конларидан олинадиган сувлар ҳажми 1,3 миллион кубометрни ташкил этади. Зарафшон шаҳар оқова сув тозалаш иншоотларидан 2,5 миллион кубометр тозаланган сув ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун қайта йўналтирилмоқда.
Шунингдек, 5-гидрометаллургия заводида айланма сув ҳажми 1,2 миллион кубометрни, 4-гидрометаллургия заводи ва Маржонбулоқ олтин ажратиш цехида 1,4 миллион кубометрни, 1- ва 6-гидрометаллургия заводларида эса 2,9 миллион кубометрни ташкил этмоқда. Учқудуқ шаҳар оқова сув тозалаш иншоотларидан чиққан тозаланган сувлар ҳам ишлаб чиқариш жараёнларига самарали жалб этилмоқда.
Сўнгги йилларда олиб борилган ишлар натижасида “Ауминзо-Амантой” кони ҳамда “Шарқий” конининг ошхоналаридан чиққан оқова сувларни тозалаш иншоотлари ишга туширилди. Уларда тозаланган сувлардан “яшил ҳудуд”ларни суғориш ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланилмоқда.
6-гидрометаллургия заводида эса маиший оқова сувларни тозалаш ва улардан қайта фойдаланиш тизими жорий этилди. Қайта ишланган сувлар Алишер Навоий номли боғ дарахтларини суғоришга йўналтирилиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг самарали намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун НКМКда сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар нафақат ишлаб чиқариш барқарорлигини ошириш, балки келажак авлодлар учун соғлом табиий муҳитни сақлаб қолишдек улуғ мақсадга ҳам хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири