Турон садолари Фарғонада янгради
Фарғона вилоятида Ислом Каримов номидаги Театр ва концерт саройида “Водийдан Турон садоси” халқаро гала-концерти бўлиб ўтди. Тадбирни Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов очиб берди.
Туркий халқларнинг бой маданий мероси, миллий санъати ва умумий қадриятларини тараннум этган мазкур йирик маданий тадбир Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркиядан ташриф буюрган санъаткорлар, фольклор жамоалари ҳамда рақс ансамблларини бир саҳнада жамлади.
Тадбир бошланишидан аввал ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Саит Юсуф иштирокчилар ва меҳмонларга мурожаат қилиб, барчани туркий дунё маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлган “Водийдан Турон садоси” халқаро гала-концерти билан қутлади. У ўз нутқида туркий халқларни бирлаштириб турган муштарак тарих, тил ва маданият халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, бундай маданий лойиҳалар ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Гала-концерт Ботир Эргашевнинг “Туркийлар” шеъри асосида тайёрланган бадиий чорлов билан бошланди. Актёр Ҳамза Ҳасанов ва актриса Гуласал Раҳмонованинг таъсирчан ижросида янграган ушбу чиқиш томошабинларни байрамона муҳитга чорлади. Шундан сўнг туркий давлатлар фольклор ва рақс ансамбллари иштирокида намойиш этилган “Байрамона” хореографик-мусиқий композицияси кечага ўзига хос тантанавор руҳ бағишлади.
Концерт дастурига Марказий Осиё республикалари санъаткорларининг чиқишлари файз киритди.

Гала-концерт якунида туркий давлатлар вакиллари иштирокида “Туркийлар” қўшиғи ижро этилди. Илкин Давлатов, Фотима Султанова, Айнур Нурашова, Нуржан Жусупбеков, Нилгун Кизилжи, Бахтиёр Рўзиев ва Фазилат Аҳмедова иштирокидаги ушбу финал композицияси туркий халқларнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва маданий муштараклигини тараннум этди.
Барча иштирокчи санъаткорлар ва фольклор-рақс жамоаларининг бир саҳнада жам бўлиши кечанинг энг таъсирли ва унутилмас лаҳзаларидан бири бўлди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА