Туркий дунё ижодкорларининг «2026 йил — Зиё Кўкалп йили» доирасидаги халқаро ижодий учрашуви
Шу йилнинг 20-22 август кунлари Андижон шаҳрида ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмасининг йиғилиши ҳамда «2026 йил — Зиё Кўкалп йили»га бағишланган халқаро ижодий учрашув бўлиб ўтмоқда.
2026 йилда буюк мутафаккир, шоир ва жамоат арбоби Зиё Кўкалп таваллудига 130 йил тўлди. У барча туркий халқларни маданий, адабий ва маънавий жиҳатдан бирлаштириш, муштарак илдизларни тиклаш ғоясини илмий ва назарий жиҳатдан асослаб берган йирик мутафаккирлардан бири саналади.
Зиё Кўкалпнинг қарашлари ва асарлари ХХ аср бошидаги ўзбек маърифатпарварлари — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ва Мунавварқори Абдурашидхонов каби жадид боболаримизнинг миллий уйғониш ғояларига кучли мафкуравий таъсир кўрсатган. У нафақат забардаст ижодкор, балки Мустафо Камол Отатурк даврида янги Туркия Республикасининг миллий мафкураси ва ижтимоий фанлари, хусусан, турк социологияси пойдеворини яратган йирик давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам тарихда муҳим ўрин тутади.

Мазкур йирик тадбир арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати масъул ходими, уюшма аъзоси Зулайҳо Аҳмаджонова қуйидаги фикрларни билдирди:
— Шуни айтиш керакки, Андижон шаҳри ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг қарорига биноан «2026 йилда Туркий дунёнинг маданият пойтахти» деб эълон қилинган. ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмасининг йиғилиши айнан ушбу маданий пойтахт тадбирлари доирасида ташкил этилмоқда. Халқаро ижодий учрашув ва йиғилиш 2026 йилнинг 20–22 август кунлари Андижонда бўлиб ўтмоқда.

Халқаро тадбир буюк турк мутафаккири ва шоири Зиё Кўкалп таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан унга бағишланган. Зеро, ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан 2026 йил расман «Зиё Кўкалп йили» деб эълон қилинган. Анжуманда иштирок этиш учун Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистон каби қардош давлатлардан таниқли ижодкорлар ва делегация вакиллари ташриф буюрган. Делегация аъзолари Андижонга йўл олишдан аввал Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти томонидан кутиб олинди.

Халқаро учрашувда туркий халқлар адабиёти, бой маданий мероси ва ўзаро ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ва ТУРКСОЙ ҳамкорлигида ташкил этилган.
Бундай ижодий лойиҳалар Андижоннинг халқаро майдондаги сайёҳлик ва маданий салоҳиятини кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилади. Айни тадбирлар арафасида Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистондан Ўзбекистонга ташриф буюрган бир гуруҳ делегация вакиллари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида меҳмон бўлди.

Қардош мамлакатлардан келган ижодкорларни уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид бошчилигидаги вакиллар кутиб олди. Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи музей билан танишди. Шунингдек, юртимиз адиб ва шоирлари учун яратилган ижодий муҳит, адабий жараённи қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олди.
Шундан сўнг қардош мамлакатлар ижодкорлари ва ўзбек адиблари иштирокида самимий адабий мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувни Ғайрат Мажид очар экан, туркий халқлар адабиётини бир-бирига яқинлаштириш, муштарак адабий қадриятларни тарғиб этиш ва ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади.
Мулоқотда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдаулет ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқди. Нотиқлар туркий дунё адабиётининг бугунги тараққиёти, ижодкорлар ўртасидаги адабий алоқаларни кенгайтириш, таржима ишларини ривожлантириш ҳамда муштарак маънавий меросни янги авлодга етказиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Адабиётнинг чегара билмас қудрати яна бир бор ана шу мулоқотда намоён бўлди. Туркий халқларни бирлаштириб турган умумий тарих, тил, адабий анъана ва маънавий қадриятлар бугунги ижодий ҳамкорлик учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Айниқса, «2026 йил — Зиё Кўкалп йили» доирасида ўтказилаётган тадбирлар туркий дунё адабиётининг улуғ намояндаси хотираси ва ижодий меросини кенг тарғиб этиш, унинг адабий-маърифий ғояларини бугунги авлод қалбига етказиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув самимий мулоқотлар, адабиёт ҳақидаги муштарак фикрлар ва янги ижодий ҳамкорликларга умид билан якунланди. Андижонда давом этадиган халқаро адабий анжуман эса бу эзгу мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлади.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Тўраев (сурат), ЎзА