Трамп: инфляцияни яхши кўраман
АҚШда яна нарх ошяпти. Бензин қимматлашиб, энергия харажати ўсмоқда. Истеъмолчилар эса кундалик сарф-харажатни ҳисоблаб яшашга мажбур. Шундай бир шароитда Президент Дональд Трампнинг “Мен инфляцияни яхши кўраман”, деган гапи мамлакатда янги сиёсий тортишувга сабаб бўлди. Зеро, у ҳокимият тепасига келиб берган асосий ваъдалардан бири айнан инфляцияни пасайтириш эди.
Май ойи якунига кўра, мамлакатда йиллик инфляция 4,2 фоизга етди. Февралда бу кўрсаткич 2,4 фоиз эди. Мутахассислар бу ҳолатни Яқин Шарқдаги кескин вазият ва нефть бозоридаги беқарорлик билан боғламоқда. Айниқса, дунё энергетика тизими учун муҳим ҳисобланган Ҳурмуз бўғози атрофидаги воқеалар хом ашё нархига кучли таъсир кўрсатди.
Трамп эса иқтисодий босим эмас, хавфсизлик ҳақида гапиряпти. Унинг фикрича, Эроннинг ядровий дастурига қарши босим кучайтирилмаса, келажакда хавф янада жиддийлашиши мумкин. Шу боис Президент иқтисодий йўқотиш муайян даражада муқаррар эканини тан олган ҳолда, қабул қилинган қарорни оқламоқда. Бу иқтисодий манфаат ва миллий хавфсизлик ўртасидаги баҳсни яна кун тартибига олиб чиқди.
Вашингтонда ҳамма бундай ёндашувни маъқуллаётгани йўқ. Демократлар миллионлаб америкалик учун инфляция рақам эмас, балки ҳар куни ҳис қилинаётган муаммолигини таъкидламоқда. Бензин 40 фоиз қимматлашгани, озиқ-овқат харажати ва коммунал тўлов ошиши сайловчилар кайфиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Ноябрдаги оралиқ сайлов ўтказилади. Шундай бир пайтда инфляция масаласи Трамп учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий синовга айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА