Европанинг оғриқли танлови: муҳожир эмас, ишчи керак!
Европа бугун ўзи яратган зиддият билан юзма-юз келмоқда. Бир томондан корхоналар, шифохона ва хизмат кўрсатиш соҳаси минглаб янги ишчига муҳтож. Иккинчи томондан Брюссель ва миллий ҳукуматлар муҳожирлар оқимини чеклаш учун тобора кескин чоралар жорий қилмоқда. Айнан шу қарама-қаршилик ЕИнинг янги миграция сиёсати кучга кираётган бир пайт янада яққол намоён бўлди.
Муаммонинг илдизи аҳоли таркибидаги ўзгаришга тақалади. Европада кексалар сони тез ўсмоқда, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар камаймоқда. Натижада тиббиёт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва ахборот технологияси соҳаларида кадрлар тақчиллиги пайдо бўлган. Сўнгги йилларда ЕИда яратилган янги иш ўринларининг ярмидан кўпи айнан қитъа фуқароси бўлмаган ходимлар ҳисобига тўлдирилгани бу эҳтиёж нақадар салмоқли эканини кўрсатади.
Шунга қарамай, сиёсий майдонда бошқа манзара кузатилмоқда. Кўплаб ҳукуматлар чегара назоратини кучайтириш, ноқонуний келганларни тезроқ чиқариб юбориш ва бошпана бериш тартибини мураккаблаштириш тарафдори. Жамоатчилик муҳокамасида ҳам иқтисодиёт учун зарур меҳнат миграцияси эмас, балки чегара орқали ноқонуний кириб келаётганлар мавзуси устунлик қилмоқда. Ваҳоланки, мутахассислар баҳосига кўра, айнан шу тоифа умумий миграция оқимининг кам қисмини ташкил этади.
Европа мамлакатлари амалда икки хил сиёсат юритмоқда. Масалан, Италия ва Германия расмий баёнотларда миграцияни чеклаш ҳақида гапиради, бироқ айни вақт чет эллик ишчилар учун алоҳида дастурлар орқали ўн минглаб одам қабул қилишда давом этмоқда. Зеро, иқтисодиётнинг ўзи бошқа танлов қолдирмаяпти. Савол энди “Муҳожир керакми-йўқми?” эмас, балки “Европа ўз эҳтиёжини тан олишга ва бу ҳақда очиқ гапиришга тайёрми?”, деган саволга тақалмоқда. Шу боис меҳнат бозори талаби ва сиёсий баёнотлар ўртасидаги тафовут келгуси йилларда Европа учун жиддий муаммо бўлиб қолиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА