Трамп ЕИни Канада билан яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирди (+видео)
DW хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқи ва Канада ўртасидаги ҳамкорлик кенгайса, ЕИ билан савдони тўхтатишини айтган.
Трамп Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг Канадани ЕИнинг биринчи уюшган аъзосига айлантириш режаларига муносабат билдирар экан, агар улар шундай қилса жуда юқори божлар жорий қилишини ёки Европа билан савдони тўхтатишини маълум қилган.
16 сентябрь куни Европа парламентида Канада бош вазири Марк Карни иштирокида нутқ сўзлаган Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИ Канада билан муносабатларни имкон қадар юқори даражага олиб чиқмоқчи эканини айтди. У Канадани Марк Карни билан биргаликда ЕИнинг биринчи уюшган аъзоси бўлиши учун ишлаш ниятида эканини маълум қилди.
Фон дер Ляйен бундай ҳамкорлик қандай шаклда бўлиши ҳақида аниқ маълумот бермади. Аммо у технологиялар ва мудофаа саноати соҳаларида ҳамкорлик қилиш мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, Европа Комиссияси раҳбари Канада ва ЕИнинг ҳамкорлиги бошқа давлатларга қарши қаратилмаслигини, унинг мақсади ҳар икки томонни кучайтириш эканини таъкидлади. Канада ҳам, ЕИ ҳам АҚШ президенти Дональд Трампнинг олдиндан аниқ айтиб бўлмайдиган савдо ва ташқи сиёсати таъсирини ҳис қилмоқда.
Шу сабабли Канада ва Европа Иттифоқи янги ҳамкорлар ва иттифоқларни изламоқда. Шу орада Оқ уй Дональд Трампнинг Канада товарларининг АҚШдаги федерал давлат харидларида иштирок этишини тақиқловчи меморандумни имзолаганини маълум қилди. Вашингтон бу қарорни Канаданинг АҚШ компаниялари учун давлат харидлари бозорига киришни қийинлаштирувчи янги тўсиқлар жорий қилгани билан изоҳлади. 15 сентябрдан АҚШ маъмурияти Канададан олиб кириладиган пишлоқ, пўлат, алюминий, қоғоз, мебель, ёритиш жиҳозлари ва бошқа товарларга қўшимча 50 фоизлик божлар жорий қилди. Трамп маъмурияти вакилларининг айтишича, бу қарор Канаданинг АҚШ товарларига нисбатан янги божлар жорий қилганига жавоб бўлган. 15 сентябрдан Канада ҳам АҚШдан тахминан 20 миллиард долларлик товарлар импортига нисбатан божларни кучга киритди.
Кенжа Бекжонов, ЎзА