Тоза ичимлик суви қамрови 95 фоизга етди
Аҳолини сифатли ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Гулистон туманида ҳам марказлашган ичимлик суви тизимини кенгайтириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда коммунал хизматлар сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Натижада бугунги кунда туман аҳолисининг марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 95 фоизга етди.
Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация хизматларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки иштирокида қиймати 7,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни пайтда тендер жараёнлари якунланиб, пудратчи ташкилот белгиланган ҳамда қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

Лойиҳа доирасида 39 та тик қудуқ қазиш, 37 та сув минорасини барпо этиш ҳамда умумий узунлиги 171,4 километр бўлган магистраль ва ички ичимлик суви тармоқларини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, туман марказидаги оқова сув тизимларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш ишлари ҳам амалга оширилади. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Гулистон тумани аҳолиси тўлиқ марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, сув таъминотининг барқарорлиги ва сифати янада яхшиланади.
Шу билан бирга, аҳолининг мурожаатлари ҳамда ҳудудлардаги эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда манзилли ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Юлдуз ва Сойибобод маҳаллаларида 12,5 километр янги ичимлик суви тармоғи қурилмоқда. Бунинг натижасида Юлдуз маҳалласидаги 280 дан ортиқ хонадон илк бор марказлашган ичимлик суви тармоғига уланди.

Сойибобод ва Мустақиллик маҳаллаларида 12,8 километр ичимлик суви тармоқлари жорий таъмирланмоқда. Тизимнинг ишончли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида 6 та энергия тежамкор насос агрегати ўрнатилди. Сув иншоотлари замонавий хлорлаш ускуналари билан жиҳозланиб, санитария талабларига мувофиқ фойдаланиш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Аҳмад Яссавий маҳалласида 100 метр, Аҳиллик маҳалласида 80 метр ҳамда Ҳамид Олимжон маҳалласида 100 метр қўшимча ичимлик суви тармоқлари тортилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 113 та хонадонга сув ҳисоблагичлари бепул ўрнатилди. Шунингдек, туман бўйича 560 та сув ҳисоблаш ускунаси янгисига алмаштирилди.

Эътиборли жиҳати, амалга оширилаётган лойиҳалар тўлиқ якунлангач, тумандаги 24 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 13 минг 778 та хонадон тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Бу эса аҳолининг турмуш сифати ва ҳаёт фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
— Тоза ичимлик суви масаласи кўп йиллар давомида аҳолини ўйлантириб келган энг долзарб муаммолардан бири эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли нафақат Гулистон туманида, балки бутун Сирдарё вилоятида бу борадаги муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Янги тик қудуқлар қазилиб, ичимлик суви тармоқлари тортилгани кўп йиллик муаммоларимизга ечим бўлди. Бугун бунинг самарасини ҳар бир хонадон ҳис қилмоқда. Бундан нафақат биз, кекса авлод вакиллари, балки бутун маҳалла аҳли мамнун, — дейди меҳнат фахрийси Нурмамат бобо Охунов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири