Хорижда таълим олиш шунчаки мақсад эмас, балки давлатни модернизация қилиш воситаларидан бирига айланмоқда
Яқинда Президентимиз ёшлар билан очиқ мулоқот чоғида мамлакат тараққиётининг энг муҳим таянчи бўлган билимли ва замонавий мутахассис кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқитиш кўламини кенгайтириш, қўллаб-қувватлаш тизимини янада самарали ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, жамғарманинг янги ўқув йилидаги режалари, хорижда таълим олиш истагидаги ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда стипендия дастурларини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида “Эл-юрт умиди” жамғармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизмати раҳбари Эльвина Мустафина билан қисқа суҳбат уюштирдик.
— Айтингчи, янги ўқув йилида “Эл-юрт умиди” жамғармаси олдига қандай асосий вазифалар қўйилган?

— Президентимиз ташаббуси билан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг трансформация қилиниши давлатимиз сиёсатидаги кенгроқ бурилишни акс эттиради. Хорижда таълим олиш энди шахсий имтиёз эмас, балки миллий рақобатбардошликка киритилган сармоя сифатида қаралмоқда.
Агар илгари асосий савол “қанча ёшларни ўқишга юбора олдик?” деган мазмунда бўлган бўлса, бугун у бошқача қўйилмоқда: “мамлакат мутахассисларни қайси соҳалар учун тайёрлаяпти ва улар қайтиб келгач қандай натижа бериши керак?”.
Айнан мана шу — миқдорий моделдан стратегик моделга ўтиш “Эл-юрт умиди” жамғармасининг янги вазифаларини белгилаб бермоқда.
Бунда асосий мақсад — жамғарма дастурларини ҳудудлар, тармоқлар ва давлат институтларининг реал эҳтиёжлари билан боғлашдир.
Замонавий иқтисодиёт шунчаки дипломли мутахассисларни эмас, балки яқин йилларда мамлакат тараққиётини белгилайдиган соҳаларда ишлай оладиган кадрларни талаб қилади. Гап сунъий интеллект, биотехнология, робототехника, киберхавфсизлик, энергетика, сув ресурсларини бошқариш, авиация, космик муҳандислик ва рақамли давлат бошқаруви ҳақида бормоқда.
Шу боис жамғарма фаолиятининг янги мантиғи манзилли тайёргарлик атрофида қурилган. Аввал ҳудуд, вазирлик, тармоқ ёки корхонанинг аниқ эҳтиёжи белгиланади. Сўнгра шу эҳтиёждан келиб чиқиб номзод танланади, университет ва таълим дастури аниқланади, шундан кейин унинг келгусидаги касбий траекторияси шакллантирилади.
Яна бир йўналиш — хорижий университетлар билан қўшма дастурларни кенгайтиришдир. Бундай модель таълимнинг бир қисмини Ўзбекистонда, бир қисмини эса етакчи хорижий олий ўқув юртида ташкил этиш имконини беради. Бу харажатларни қисқартириш, қамровни кенгайтириш ва айни пайтда халқаро стандартларни миллий таълим тизимига татбиқ этиш имкониятини яратади.
Шундай қилиб, хорижда таълим олиш давлатни модернизация қилиш воситаларидан бирига айланмоқда.
— Бу йил стипендия танловларида қандай янгилик ва ўзгаришлар жорий этилиши режалаштирилган?
— Асосий тамойиллар ўзгармайди: очиқлик, шаффофлик, холислик ва иштирокчилар учун тенг шароитлар. Бироқ саралаш фалсафасининг ўзи ўзгармоқда. Юқори академик натижалар, чет тилини билиш ва нуфузли университетга ўқишга кириш ҳамон катта аҳамиятга эга. Лекин энди бунинг ўзи етарли эмас.
Танланган мутахассислик мамлакатнинг устувор йўналишларига қай даражада мос келиши, номзод ўқишдан қайтгач қандай муаммони ҳал қила олиши ҳамда унинг таълими иқтисодиёт ва давлат бошқарувининг узоқ муддатли вазифалари билан қанчалик боғлиқлигига борган сари кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бошқача айтганда, танлов нафақат академик, балки стратегик аҳамият касб этяпти.
Бунда рақамлаштириш муҳим ўрин тутади. Стипендиатнинг ҳужжат топширишдан тортиб, ишга жойлашиш ва келгусидаги мартаба ўсишигача бўлган бутун йўлини қамраб олувчи ягона платформа яратилди. У OneID, Ягона миллий меҳнат тизими ва бошқа давлат ахборот ресурслари билан интеграциялашган.
Тизимда ҳозирга қадар бир ярим мингга яқин стипендиатнинг маълумотлари рақамлаштирилди. Трансформация натижалари сифат кўрсаткичларида ҳам сезилмоқда. Дунёнинг топ-100 талигига кирувчи университетларда таҳсил олаётган стипендиатлар улуши 30 фоиздан 80 фоизга ошди.
Бу шунчаки обрў кўрсаткичи эмас. Бу саралаш даражаси, таълим траекториялари сифати ва бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ўзгарганини кўрсатади.
Шу билан бирга, стипендиатларнинг 83 фоизи СТЕМ йўналишлари ва юқори технологияли соҳаларга юборилмоқда. Ёшлар илк бор биокимё, сунъий интеллект, астрофизика, авиация, космик муҳандислик, биотехнология ва робототехника каби мутахассисликлар бўйича таълим ола бошлади.
Янги тизим энди нафақат “ким стипендияга лойиқ?” деган саволга, балки бундан-да мураккаброқ бўлган “беш, ўн ёки ўн беш йилдан сўнг Ўзбекистонга қандай мутахассис керак бўлади?” деган саволга ҳам жавоб бериши керак.

— Яқинда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида жамғарма фаолиятига оид қандай топшириқлар берилди?
— Президентимиз ёшлар билан учрашувда жамғарма фаолиятини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Стипендия дастурлари бевосита ҳудудлар ва тармоқларнинг эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлиши кераклигига асосий урғу берилди. Янги модель аниқ вазифалар учун кадрларни мақсадли тайёрлашни назарда тутади. Бундан ташқари, йирик корхоналар билан биргаликда таълимни молиялаштиришни кенгайтириш таклиф этилди. Бундай механизм бизнеснинг кадрлар сиёсатида бевосита иштирок этишига имкон беради.
Бунда корхона битирувчини шунчаки ишга қабул қилибгина қолмай, балки мутахассисликни белгилаш, номзодни танлаш ва унинг таълимини молиялаштиришда олдиндан иштирок этади.
Бу муҳим сиёсий-иқтисодий ишорадир: инсон капиталини ривожлантириш давлат ва хусусий секторнинг умумий масъулиятига айланиши керак.
Шунингдек, етакчи хорижий университетлар билан қўшма дастурларни кенгайтириш кўриб чиқилмоқда. Бу келажакда нафақат давлат маблағларини тежаш, балки Ўзбекистонда янги таълим марказлари ва малака мактабларини шакллантиришга ҳам имкон беради.
Топшириқларнинг алоҳида бир блоки жамғарма битирувчилари билан боғлиқдир. Уларнинг тадқиқотлари, стартаплари ва ислоҳотларга қаратилган ташаббусларини кичик грантлар тизими орқали қўллаб-қувватлаш таклиф этилмоқда.
— Хорижда таълим олган иқтидорли ёшларни мамлакат тараққиётига кенгроқ жалб этиш бўйича қандай механизмлар ишлаб чиқилмоқда?
— Бу янги кадрлар сиёсатининг асосий масалаларидан биридир. Етакчи университетда таҳсил олишнинг ўзи давлат учун натижани кафолатламайди. Ҳақиқий самара битирувчи ўз билимини муайян соҳада, илмий лойиҳада, давлат органида ёки технологик компанияда қўллаш имкониятига эга бўлгандагина юзага келади. Шу боис жамғарма уларни узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўймоқда.
Гап стипендиатлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг академик натижаларини кузатиб бориш, стажировкаларни ташкил этиш ва ўқишни тамомлашдан аввалроқ мартаба йўналишларини шакллантириш ҳақида бормоқда. Ватанга қайтгач, битирувчилар вазирликлар, идоралар, тадқиқот марказлари, олий ўқув юртлари, хусусий компаниялар ва инновацион тузилмалар ишига жалб қилиниши лозим.
Битирувчилар ҳамжамиятини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Сиёсий маънода бу халқаро тажриба ва замонавий бошқарув компетенцияларига эга инсонларни бирлаштирувчи янги касбий тармоққа айланиши мумкин.
Бундай ҳамжамият бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажариши мумкин: янги ғоялар манбаи, кадрлар захираси, экспертлар майдони ҳамда халқаро касбий алоқалар канали бўлиб хизмат қилади.

Битирувчилар учун кичик грантлар ажратиш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бунда сув, энергетика, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамлаштириш соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилади. Бу стипендиатнинг мақомини тубдан ўзгартиради. У шунчаки давлат кўмагини олувчи шахс эмас, балки ислоҳотлар ва инновацион ечимларнинг потенциал муаллифига айланади.
— Хорижда ўқишни тамомлаб келган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги қай даражада йўлга қўйилган?
— 2025–2026 йиллар давомида янги талаблар асосида ўтказилган учта танлов якунларига кўра 447 нафар ёшлар стипендия соҳибига айланди. Улардан 332 нафари бакалавриатга, 100 нафари магистратурага ва 15 нафари докторантурага юборилди.
Бунда асосий эътибор кадрлар тайёрлашнинг сонига эмас, балки сифатига қаратилмоқда. Дунёнинг Топ-100 та университети ҳиссасига тўғри келадиган талабалар улуши 80 фоизга етди. Бу жамғарма трансформациясининг асосий натижаларидан биридир.
Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Жамғарма 73 та хорижий таълим ташкилоти билан келишувларга эришди. Ўқиш учун олинган 20 фоиздан 50 фоизгача бўлган чегирмалар бюджет маблағларини сезиларли даражада тежаш имконини берди.
Бироқ самарадорликнинг асосий кўрсаткичи ўқиш нархи ёки университетнинг рейтингдаги ўрни эмас, балки битирувчининг касбий натижасидир. Айнан шунинг учун янги тизим иш берувчининг ўқиш бошланишидан аввалроқ жараёнга қўшилишини назарда тутади.
Давлат органи, ҳудуд, тармоқ ёки корхоналар кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди, танловда ва зарур бўлса, ҳамкорликда молиялаштиришда иштирок этади, сўнгра мутахассис қайтиб келгач, уни ишга қабул қилади. Бундай модель олинган таълим билан меҳнат бозоридаги реал талаб ўртасидаги тафовут хавфини камайтиради.
Моҳиятан, жамғарма стипендия оператори мантиғидан аста-секин миллий кадрлар сиёсати институти ролига ўтмоқда. Рўй бераётган ўзгаришларнинг асосий сиёсий мазмуни ҳам ана шунда.
Ўзбекистон иқтидорли ёшларни шунчаки дунёнинг энг яхши университетларига юбориш билангина чекланиб қолишни истамайди. Вазифа – ислоҳотлар тизими ичида ишлай оладиган, давлат институтларини кучайтирадиган, иқтисодиётни ривожлантирадиган ва мамлакат учун ўз ечимларини ярата оладиган янги авлод профессионалларини шакллантиришдан иборат.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.