Тошкентдан Ереванга ҳаво йўли очилади
Кўп йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Арманистонни боғлайдиган бевосита рейс қайта тикланмоқда. Бу минтақавий алоқалар учун қандай янги имкониятлар яратади?
Май ойида “Тошкент – Ереван мунтазам йўловчи рейси тикланиши кутиляпти. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” матбуот хизмати хабар берган.
Парвоз ҳафтада бир марта “Boeing-737” самолётида амалга оширилади. Янги йўналиш очилиши икки мамлакат ўртасида сайёҳлик ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳозиргача фуқароларимиз Ереванга бориш учун Москва, Истанбул ёки Тбилиси орқали учишга мажбур эди. Энди тўғридан-тўғри рейс туфайли қимматли вақт ва маблағ тежалади.
Мазкур йўналишда Арманистоннинг 2019 йилдан буён халқаро даражада муваффақиятли фаолият юритиб келаётган “Shirak Avia” компанияси ташувчи вазифасини бажаради. Қароргоҳи Ереваннинг “Zvartnost” халқаро аэропортида жойлашган ушбу корхона ўз ихтиёридаги замонавий ҳаво кемалари билан йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА