Тошкентдаги халқаро медиа форум Британия нашри нигоҳида
Ўзбекистонда ўтказилаётган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ – янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиа форум Буюк Британиянинг “The Light Newspaper” нашрида кенг ёритилди.
Таъкидланишича, замонавий журналистика, рақамли платформалар, сунъий интеллект ва турли ахборот оқимлари тобора кучайиб бораётган шароитда Тошкент форуми алоҳида аҳамият касб этмоқда. У турли мамлакатлардан келган журналистлар, муҳаррирлар, медиа экспертлар ва маданият намояндаларини бирлаштириб, замонавий медиа ҳамда Марказий Осиёнинг бой тарихий-интеллектуал мероси ўртасидаги боғлиқликни муҳокама қилиш учун майдон яратди.
Муаллиф Раза Саид ўз мақоласида ислом цивилизацияси ютуқлари алоҳида бир мамлакат ёки минтақага эмас, балки бутун инсониятнинг умумий интеллектуал меросига тегишли эканини қайд этади.
Тиббиёт, математика, астрономия, фалсафа ва меъморлик каби соҳалардаги улкан ҳисса жаҳон тараққиётига таъсир кўрсатган бўлса-да, бу тарих ҳали ҳам халқаро аудиторияга етарли даражада таниш эмас.
Шу нуқтаи назардан, муаллиф ОАВнинг ўрнига алоҳида урғу беради. Журналистика, ҳужжатли фильмлар, фотосуратлар, рақамли ҳикоя қилиш усуллари ва янги технологиялар тарихий билимларни музейлар ва илмий муассасалар доирасидан чиқариб, кенг аудиторияга етказиш имконини беради.
Мақолада Ўзбекистон бундай мулоқот учун айни муддао макон экани таъкидланган. Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг мероси турли маданият ва цивилизациялар ўртасидаги илмий алмашинувнинг ёрқин намунаси сифатида тилга олинган.
Тошкентда турли мамлакатлардан келган юзлаб медиа вакилларининг бир жойга тўпланиши Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади, дейилади мақола якунида.
Д.ҲАКИМОВ, ЎзА