Канада ва ЕИ: Трампга қарши иттифоқ тузиладими?(+видео)
Суверенитетми ёки иқтисодий манфаатлар? Канада АҚШ шартларини рад этиб, дунёга муҳим сабоқ берди. Энди Европа Иттифоқи ҳам шундай оғир танлов қаршисида турибди.
Бу қарорнинг иқтисодий оқибатлари ҳозирча аниқ эмас. Кўпчилик оқибатларни жиддий бўлиши ҳам мумкин демоқда. Аммо собиқ марказий банк раҳбари бир нарсани, яъни Канада ўз суверенитетини иқтисодий манфаатларга алмаштиришга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди.
Канада бош вазири Марк Карни Вашингтон таклиф қилган шартларга кўнмади. Унинг айтишича, бу шартлар Канадада француз тилидан конституция билан ҳимояланган ҳолда фойдаланиш имкониятини чеклайди ва мамлакатнинг бошқа давлатлар билан мустақил савдо келишувлари тузиш имкониятига зарар етказади.
Бу қарор Канада учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 20 миллиард долларлик Канада товарларига юқори божлар қўйилиши ва тахминан 87 мингта тўғридан-тўғри ҳамда билвосита иш ўрни хавф остида қолиши мумкин. Вазият янада ёмонлашиши эҳтимоли мавжуд. Дональд Трамп аллақачон Канадага қарши янги божлар жорий этишини эълон қилди. Бу эса ўзаро жавоб чоралари занжирини яна кучайтирмоқда.
Бу кескин қарама-қаршилик Европа Иттифоқи билан боғлиқ саволни ҳам кун тартибига олиб чиқди. Чунки ЕИ ҳам Трамп маъмуриятининг тобора кучайиб бораётган талаблари ва музокара усулларига дуч келмоқда. Вашингтон савдо тақчиллигига алоҳида урғу бериб, дўст давлатлар манфаатларидан кўра Америка манфаатларини устун қўйиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда.
Европа Иттифоқи ҳам қачондир музокаралардан бутунлай чиқиб, эшикни қаттиқ ёпа оладими?
Европа Иттифоқининг Марк Карни каби қатъий қадам ташлашига асосий сабаб, ўз ҳудудида қоидаларни белгилаш ва уларга риоя этилишини таъминлаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш истаги.
Европаликларнинг фикрича, Трампни тинчлантириш учун аллақачон етарлича ён беришган. Масалан, улар Европа товарларига 15 фоизлик бож жорий этилишига рози бўлишди.
Вашингтон хоҳиши билан Европа қонунларини ўзгартириш эса таслим бўлиш билан баробар. Шунинг учун ЕИ раҳбарияти бундан ортиқ ён беришни истамаяпти.
Европалик дипломатларнинг айтишича, Трампнинг Гренландия бўйича келишувга эришишга уриниши барбод бўлгани ва Эронга қарши урушни бир томонлама бошлагани, бу эса энергия бозорларида узоқ муддатли беқарорликни кучайтиргани, Европа давлатларининг очиқроқ гапириш ва АҚШга қарши туришга тайёрлигини оширди. ЕИга яна бир устунлик берадиган омил, унинг иқтисодий ҳажми. Европа Иттифоқи дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Европа Иттифоқининг АҚШга қарши туриш учун иқтисодий кучи ва имкониятлари Канададан анча катта. Аммо асосий муаммо иқтисодда эмас — ЕИнинг 27 давлати бир хил позицияга келишида. Канада Карни ортидан бирлашди. Европа эса ҳали Трампга қарши ягона ва қатъий йўлни танлай олгани йўқ.
Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА