Тошкентда Турк дунёси маданияти, кино ва медиа соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
11-Турк дунёси ҳужжатли фильмлар фестивали ва Турк дунёси журналистлар федерацияси раҳбари Мендерес Демир бошчилигидаги делегация аъзолари Тошкент шаҳрида қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида Турк дунёси давлатлари ўртасида маданий-гуманитар алоқани мустаҳкамлаш, кино, оммавий ахборот воситалари ва ижодий соҳалардаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур нуфузли халқаро лойиҳаларнинг ташкилий жараёни, келгусидаги режалар ҳамда қўшма ташаббуслар амалга ошириш имконияти юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг маданият ва кино соҳасидаги етакчи намояндалари, жумладан, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги бош директори Шуҳрат Ризаев, Кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов билан мулоқот қилинди. Суҳбат давомида миллий кино санъатини ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳалар йўлга қўйиш ва Турк дунёси халқларининг умумий тарихий-маданий меросини экран асарлари орқали кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Турк дунёси журналистлар федерацияси вакиллари фикрича, бундай учрашувлар нафақат маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яқинликни кучайтиришга ҳам хизмат қилади. Меҳмонлар анъанавий меҳмондўстлик ва қўллаб-қувватлов учун самимий миннатдорлик изҳор этдилар.
Федерация ташаббуси билан илгари сурилган мазкур ташаббуслар Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги Кино бош бошқармаси, TÜRKSOY, TİKA, YTB каби қатор нуфузли ташкилотлар кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳалар университет ва ижодий уюшмалар, фуқаролик жамияти институтлари, медиа соҳасидаги етакчи ташкилотлар билан бирга ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Бугунги кунда Туркия, Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Венгрия, Шимолий Македония, Босния ва Герцеговина ҳамда Шимолий Кипр иштирок этаётган ушбу платформа йирик маданий ва интеллектуал мулоқот майдонига айланмоқда.
Ушбу ташаббуслар орқали халқларимизнинг умумий тарихи, тили, қадрияти ва маънавий меросини асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш, замонавий медиа ва кино воситалари орқали бирликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Таъкидланганидек, маданият, санъат, кино ва журналистика соҳаларидаги шериклик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарлик риштасини янада мустаҳкамлаб, умумий келажакни бирга барпо этишга кўмаклашади. Бу эса Турк дунёси халқларининг маънавий яқинлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Нодира Кайимова, ЎзА