Икки буюк муҳаббат қиссаси бир саҳнада
Ўзбекистон давлат драма театри жамоаси жаҳон мумтоз адабиёти намуналари асосида яратилган икки бетакрор спектаклни театр мухлислари эътиборига ҳавола этди.
Икки буюк даҳо, ишқ-муҳаббатнинг икки буюк куйчиси – Ҳазрат Алишер Навоийнинг энг юксак ишқ достони «Лайли ва Мажнун» ҳамда Уильям Шекспирнинг «Ромео ва Жульетта» асари асосида саҳналаштирилган спектакллар икки кун давомида томошабинларга тақдим этилди.
Бу икки бетакрор асарни Ўзбекистон давлат драма театри ижодий жамоаси катта иштиёқ, меҳр, юксак маҳорат ва катта масъулият билан саҳнага олиб чиқди.
Лойиҳанинг эътиборга молик жиҳати шундаки, бир чипта асосида томошабинларга икки бетакрор спектакль тақдим этилди.
Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони асосида яратилган спектакль инсоний меҳр-муҳаббатнинг илоҳий муҳаббатга айланиши, тасаввуфий руҳ ва фалсафий мазмуни билан томошабинлар эътирофига сазовор бўлди. Спектакль давомида Қайснинг чин ошиқлик йўлида ҳақиқий Мажнунга айланиши, бу йўлда чеккан заҳмат ва изтироблари томошабинни бефарқ қолдирмайди.
Уильям Шекспирнинг «Ромео ва Жульетта» асари жаҳон адабиётининг дурдона намуналаридан биридир. Асар шунчаки севги қиссаси эмас, балки инсон туйғулари ва жамият қонунлари ўртасидаги зиддиятни ёритувчи чуқур ижтимоий драма ҳисобланади.
Театр мухлисларини жаҳон мумтоз адабиёти намуналаридан баҳраманд этиш мақсадида амалга оширилаётган мазкур ижодий лойиҳа томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди ва юқори баҳоланди.
Н.Усмонова, ЎзА