Тошкентда тунги бизнес қайси ҳудудларда жадал ривожланмоқда?
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари “OpenStreetMap” ва “SDGSAT-1” сунъий йўлдоши маълумотлари асосида Тошкент шаҳридаги тадбиркорлик объектларининг тунги фаоллигини таҳлил қилди.
Тадқиқотда умумий овқатланиш, савдо ва кўнгилочар соҳаларидаги 5,6 мингдан ортиқ объект ўрганилиб, иш вақти аниқ кўрсатилган 1,6 мингта объект асосида тунги иқтисодиёт динамикаси баҳоланди.
Натижаларга кўра, пойтахтда тунги бизнес фаоллиги соат 23:00 дан кейин кескин пасаяди. Таҳлил қилинган объектларнинг 75 фоизи 20:00 дан кейин, 65 фоизи 22:00 дан кейин, 45 фоизи 23:00 дан кейин ҳам фаолиятини давом эттиради. 00:00 дан кейин эса бу кўрсаткич 31 фоизга тушади.
Тадқиқотлар Тошкентда тунги иқтисодиёт асосан марказий ҳудудларда жадал ривожланаётганини кўрсатди. Етакчи туманлар сифатида Яккасарой (131 та объект) ва Миробод (112 та объект) қайд этилди. Бу ҳудудлар пойтахтнинг тунги иқтисодиёт “ядроси” сифатида шаклланмоқда.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек (147 та), Юнусобод (130 та), Чилонзор (126 та) ва Шайхонтоҳур (99 та) туманларининг марказга яқин қисмларида ҳам тунги фаоллик юқори даражада сақланмоқда.
Олмазор (80 та) ва Яшнобод (71 та) туманларида кўрсаткичлар ўртача бўлса, Учтепа (52 та), Сергели (36 та), Бектемир (26 та) ва Янгиҳаёт (15 та) туманларида тунги иқтисодиёт нисбатан суст ривожлангани аниқланди.
МҲТИ мутахассисларининг фикрича, шаҳарда 24/7 форматда ишлайдиган ҳудудларни кўпайтириш, тунги транспорт тизимини ривожлантириш ҳамда инфратузилмани яхшилаш Тошкентда тунги иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА