Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддати қисқартирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида норма ижодкорлиги фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.
Шу мақсадга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун бўйича фикрлар билдирилди.
Қайд этилишича, истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан стипендиатлар учун сарфланган ўқитиш харажатларини ундириш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган.

Қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга кўра “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиат учун сарфлаган ўқитиш харажатларини ундириш юзасидан судларга киритган даъволари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш муддатлари қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Ярим тайёр заргарлик буюмларини реализация қилиш билан боғлиқ жараёнларни такомиллаштириш, экспортга доир қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш лозимлиги хусусида фикр билдирилди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган ёки ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилиш орқали қонунчилик базасини ихчамлаштириш талаб этилаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан бугунги кунга қадар амалда бўлиб келган, бироқ амалий аҳамиятини йўқотган айрим қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган, деб топилмоқда.
Муҳокама якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА