Тошкентда TIMUN-2026 иш бошлади
Тошкент шаҳрида Марказий Осиёдаги энг йирик ёшлар дипломатик майдонларидан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тошкент халқаро модели – TIMUN-2026 иш бошлади.
Анжуманда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан 400 га яқин ўғил-қиз иштирок этмоқда. Мазкур тадбир ёшлар дипломатияси ва инсон капитали ривожини мамлакат ислоҳотлари ва ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида илгари суришга хизмат қилади.
2012 йил Халқаро Вестминстер университети талабалари ташаббуси билан бошланган ушбу тараққиёт дастури юртимизда айни йўналишда олиб борилаётган кенг қамровли ишларнинг амалий ифодасидир. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат доирасида таълим, айниқса халқаро таълим ички ва ташқи позицияни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда.
[gallery-29139]
TIMUN иштирокчилари БМТ фаолияти моделлаштирилган шароитда қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиб, кўп томонлама дипломатиянинг амалий жиҳатларини ўзлаштирмоқда. Бу муросага келиш, манфаатлар мувозанатини сақлаш ва институционал чеклов шароитида ишлаш кўникмасини шакллантириш имконини беради.
– Илк бор шундай анжуманда қатнашяпман, – дейди Бош Ассамблеяда Боливия номидан фаолият юритаётган Сония Ҳамир Ҳамлин. – Бу ерда эканлигимдан жуда хурсандман. Ўзбекистонда ҳам биринчи марта бўлишим. Умуман, Лондондаги университетим ва жамиятим номидан вакиллик қилиш мен учун шараф. Мазкур тадбирнинг бир қисми бўлишдан жуда ҳаяжондаман.
Жорий йил анжуман доирасида тузилган тўққиз қўмита доирасида кибер хавфсизлик, сунъий интеллектга асосланган жиноятлар, жамоат саломатлиги, барқарор урбанизация, рақамли тенгсизлик ва аҳолининг заиф қатламини муҳофаза қилиш каби долзарб масалалар муҳокамага қўйилган.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА