Таълим сифатини ошириш йўлида
Мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш ва ёш авлодга сифатли билим бериш масалалари устувор аҳамият касб этмоқда. Бу борада жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримованинг Бухоро вилоятига ташрифи амалий аҳамияти билан эътиборга лойиқ бўлди.
Ташриф доирасида вазир дастлаб вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан Қоракўл туманидаги 4-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, таълим-тарбия жараёнлари, болалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Муассасанинг моддий-техник базасини янада яхшилаш мақсадида уни капитал таъмирлаш бўйича Давлат дастурига киритиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, тумандаги 8-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, таълим сифати, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек вазир Олот туманидаги 12-мактаб фаолияти билан яқиндан танишиб, педагоглар ва ўқувчилар билан самимий суҳбат ўтказди. Айниқса, мазкур мактабда ташкил этилган “Вазир ва ёшлар учрашуви” очиқ ва фаол мулоқот руҳида кечди. Унда туман ҳокими Наргиза Неъматова ҳам иштирок этди.
[gallery-29142]
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, таклиф ва ташаббуслари билан фаол қатнашдилар. Хусусан, хорижий олийгоҳларда таҳсил олишни истаган ўқувчиларга ҳужжат топширишда кўмаклашувчи онлайн платформа яратиш, сунъий интеллект ва ахборот технологияларини чуқур ўрганиш учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш каби долзарб таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ўқувчилар муносиб тақдирланди. Жумладан, инглиз тилидан халқаро Б2 даражани қўлга киритган 8 ёшли Акбаралининг ютуқлари алоҳида эътироф этилди. Вазирнинг таъкидлашича, бу каби натижалар ортида ота-она эътибори, тўғри йўналтириш ва узлуксиз меҳнат ётади. Акбарали нафақат тил ўрганишда, балки аниқ фанларда ҳам юқори натижаларга эришиб, ёшлар учун ибрат бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, вазир Олот тумани ҳокимлигида соҳа раҳбарлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари директорлари билан учрашув ўтказди. Унда таълим тизимининг барча бўғинларида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси устувор вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, методик ишлар самарадорлигини юксалтириш ва маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташриф таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш, уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаш ҳамда ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.